Бу йил оромгоҳларга нима учун болалар кам жалб этилди?

- Нима учун оромгоҳларда миллий мусиқа асбоблари ва мутахассислар етишмайди?
- Булунғурда нима учун болалар оромгоҳи йўқ?
Шу ва шунга ўхшаш саволларга вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси вилоят кенгашида бўлиб ўтган «Ёзги оромгоҳ - 2021» мавсумининг якунига бағишланган матбуот анжуманида жавоб изланди.
Журналист ва блогерлар иштирок этган мазкур тадбирда кенгаш раиси С.Рафиқов ёзги мавсумда болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш борасида олиб борилган ишлар, оромгоҳларда яратилган шарт-шароитлар ва йўл қўйилган камчиликлар ҳақида маълумот бериб ўтди.
Жорий йилда қарийб 19 мингга яқин бола соғломлаштирилди. Шундан 17 та стационар оромгоҳларда 7480 нафар, 56 та соғломлаштириш майдончаларида эса 11 503 нафар болалар мириқиб дам олиб, таътилни кўнгилдагидек ўтказишди.
- Жорий йилда болажонларнинг ёши ва қизиқишларини эътиборга олиб турли йўналишдаги оромгоҳлар ташкил этилди, - дейди вилоят касаба уюшмалари бирлашмаси вилоят кенгаши раиси Суҳроб Рафиқов. - Жумладан, экологик-биологик, ўлкашунослик йўналишидаги оромгоҳда 90 нафар, қардош тилларда гаплашувчи болалар учун ташкил этилган “Дўстлик” оромгоҳида 122 нафар, тарбия ва спорт-соғломлаштириш оромгоҳида эса юз нафар болалар таълим-тарбия олишди. Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 367 нафар фарзандлари ҳамда “Меҳрибонлик уйлари”нинг 60 нафар тарбияланувчилари бепул соғломлаштирилди.
Болаларнинг ёзги таътилларни мароқли ўтказиш мақсадида оромгоҳларда хорижий тиллар, компьютер саводхонлиги, тикиш-бичиш, юмшоқ ўйинчоқлар ясаш, рақс ва рассомчилик тўгараклари ҳам ташкил этилди. “Қувноқлар ва зукколар”, “Табиат қўйнига сайёҳат”, “Шеърият кечаси” сингари турли кўнгилочар, маънавий-маърифий тадбирлар, “Соғлом бола юрт келажаги” шиори остида спорт мусобақалари, Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Шу ватанга бордир менинг керагим” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ва расмлар танловлари ташкил этилди.
- Жорий йилда оромгоҳлар ҳар доимгидек болажонлар билан тўлмади, - дейди Ургут туманидаги “Чорчинор” болалар соғломлаштириш оромгоҳи шифокори Зикриё Қаюмов. – Бунга ота-оналарнинг пандемия туфайли фарзандларини дам олишга юбормаганлиги сабаб бўлди. Бироқ барча оромгоҳларда сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари ва ичимлик суви сифатини доимий назоратга олиш ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилганлиги сабабли болалар орасида турли касалликларга чалиниш ҳолатлари учрамади. Уларни оромгоҳлар ҳудудидан рухсатсиз чиқиб кетишлари, белгиланмаган жойларда чўмилишлари, карантин талабларига риоя қилиниши қатъий назоратга олинди.
Тадбир якунида ёзги мавсумни юқори савияда ташкил этган энг яхши оромгоҳлар ташкилотчилари 17 номинация бўйича тақдирланди.
Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб олишди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.