Бугун «Пахтакор» футбол афсоналарига қарши тўп суради

Кеча афсонавий испаниялик футболчи Хавьер Эрнандес – қисқача Хавининг "Аль-Садд" таркибида пойтахтимизга келгани ҳақида айтиб ўтган эдик.

Испания термаси ва «Барселона» жамоасининг 39 ёшли собиқ ярим ҳимоячиси бугунги кунда Қатар клубининг ёрқин юлдузларидан бири ҳисобланади. У 2015 йилнинг ёзида «Ал Садд»га ўтган эди. Жамоа билан тузилган уч йиллик шартномага асосан футболчи йилига 10 миллион евро маош олади. Унгача Европа гранди – «Барселона» жамоасида Л.Месси, А.Инеста, Ж.Пеке, Бускетс каби юлдуз футболчилар билан бирга тўп сурган. Клубга илк бора 1998 йилда келиб, жамоанинг барча турнирларда 857 марта майдонга тушиб, рақибларга 105 та гол киритган. Ўз жамоаси билан 25 та совринни қўлга киритган. Саккиз марта Испания чемпиони ва уч карра мамлакат кубоги соҳиби, 4 марта Европа чемпионлари лигаси бош соврини боши узра кўтарган. Испания терма жамоаси таркибида 2 марта Европа, 2010 йилда эса жаҳон чемпиони бўлган. Шунингдек, 2000 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медали соҳиби.

Қатарликлар таркибидаги майдонга тушадиган яна бир испаниялик футболчи Габриэль Фернандес - «Габи» ҳам мухлисларга Хавидек жуда таниш. У Испания чемпиони, мамлакат кубоги ва Суперкубоги соҳиби, 2012 йилда УЕФА Суперкубоги, икки марта Европа лигаси ғолиби, икки марта Европа чемпионлар лигаси финалчиси ҳисобланади.

Мадриднинг "Атлетико" клуби ярим ҳимоячиси, жамоанинг собиқ сардори Габи ўтган йили «Ал-Садд» таркибига эркин агент сифатида келиб қўшилган эди. У карьераси давомида 594 учрашувда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 28 та гол киритган.

 «Ал-Садд» - Осиёнинг энг номдор жамоаларидан бири бўлиб, у Қатарнинг 16 карра чемпиони, 16 карра мамлакат кубоги соҳиби ҳисобланади. Икки марта ОЧЛ ғолиби бўлган. Жамоани таниқли  португалиялик мутахассис Ж.Феррейра бошқаради. У ўз вақтида “Бенфика", "Порту", "Спортинг", "Брага", "Боавиштой", "Малага", "Панатинаикос" каби жамоаларни бошқарган. Унинг қўли остидаги клублар Португалия, Миср ва Қатар миллий чемпионатлари ғолиби бўлган.

Ҳозирда "Пахтакор" тўрт очко билан ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаб турибди. Сафида дунёнинг энг кучли футболчилари бўлган «Ал-Садд» ҳамда Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли" клублари уч очко билан иккинчи ва учинчи ўринларда жойлашган. Эроннинг "Персеполис"и эса бир очко билан турнир жадвалини сўнгги ўрнида.

Эслатиб ўтамиз, тошкентликлар ОЧЛ 2-турида Саудиянинг «Ал-Аҳли» жамоасини учрашувнинг 62–дақиқасида М.Бекмаевнинг голи эвазига 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.

Дил МУРОД.