Булунғур билан Хитой ҳамкорлиги қачон ривожланади?

Одатда ҳокимлар тўғрисида гап кетганда кўпчилик уларни китоб ўимайди, деган фикрга келади. Булунғур тумани ҳокими бунга вақт топа оладими? Туманда қайси соҳа ривожланмай қоляпти? Жамиятда юқори мавқега эга бўлиш афзалми ёки оддий ота? Булунғур тумани ҳокими Баҳодир Баҳромов билан суҳбатимиз шу ва бошқа саволлар атрофида бўлди.

Ҳоким шунингдек, пандемиянинг сабаблари ва оқибатлари ҳақидаги хулосалари билан ҳам ўртоқлашди. Булунғур туманида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар ҳақида тўхталган ҳоким ўзгаришларни одамлар турмуш тарзига ижобий таъсири ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

- Кейинги йилларда вилоятимизнинг бошқа туманлари қаторида туманда ҳам салмоқли ижобий ўзгаришлар рўй берди, - дея гап бошлади Б.Баҳромов. - Шу сабабли улардан айнан учтасини санаш ҳам бироз мушкул.

Хусусан, 2019 йилнинг 4-чорагида туманимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига аҳоли турмуш тарзига ижобий таъсир кўрсатадиган иккита саноат корхонаси ташкил этилди. Улардан бири Ўзбекистон ҳамда Буюк Британия давлатлари тадбиркорлари ўртасида “Samarqand Garden Plast” қўшма корхонаси. Бу ерда бир йилда 10 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (гилос, шафтоли, гул карам, брокелле, болғур қалампири) ни қадоқлаш лойиҳаси асосида 100 та янги иш ўрни яратилди. Корхона маҳсулотлар Хитой, Россия, ҳатто АҚШ ва Германия давлатларига экспорт қилинади.

Иккинчи йирик лойиҳа “Хитой Беш бармоқ курилиш материаллари” хорижий корхонаси. Қиймати 3 миллион АҚШ доллари бўлган тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритиш ҳисобига 18 миллион дона пишиқ ғишт ишлаб чиқарадиган бу корхонада ҳам 100 та янги иш ўрни яратилди.

Айтмоқчи бўлганим, туманда аҳолини иш билан таъминлаш бўйича жуда катта лойиҳалар амалга ошириляпти. Масалан, 2020-2022 йилларда қиймати 1 триллион 4 миллиард сўмлик 46 та саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ишга туширилиши натижасида 1198 та янги иш ўрни яратилади. Мисол учун, “Булунгур Аббосбеги” МЧЖ томонидан қиймати 1 миллион 50 минг доллар маблағ ҳисобига Туркия давлатидан буғдойни қайта ишлаш асбоб-ускуналари келтириб, ўрнатилмоқда.

“Green Agro Export” МЧЖ томонидан Германия, Туркия ва Хитой давлатларидан қиймати 32 миллиард сўмлик 20 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш асбоб-ускуналари келтирилган. Жорий йилнинг якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган лойиҳа доирасида 120 та янги иш ўрни яратилади.

- Сизнингча, тумандаги узоқ йиллардан буён деярли ҳеч нарса ўзгармаган соҳа қайси?

- Ҳудудларда ҳар бир соҳани ривожлантириш борасида ҳукуматимиз томонидан кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинди. Натижада Булунғур туманида ҳам салмоқли ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, биргина ижтимоий соҳани оладиган бўлсак, унинг битта тармоғи, яъни мактабгача таълимда 2017 йил ҳолатига кўра 20 та давлат боғчаси мавжуд бўлган ва боғча ёшдаги болаларнинг қамрови атиги 12 фоизни ташкил этган. Бироқ сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида 2020 йил биринчи ярим йиллик ҳолатига 58 фоиз боғча ёшидаги болалар мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинди.

Бироқ айтиш мумкинки, соҳага эътиборнинг етарлича бўлмаганлиги сабабли, туманда бир неча йиллар олдин ривожланган саноат тармоқларидан бўлган помидорни қайта ишлашнинг бугунги кунда саноатдаги улуши мавжуд эмас. Аммо кўп миқдорда маҳсулот етиштирилади. Шу сабаб соҳани яна қайта ривожлантириш борасида хорижий ҳамда маҳаллий инвесторлар томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа таклифлари Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошидаги лойиҳалаштириш агентлигига тақдим этиб борилмоқда. Ўйлаймизки, ушбу соҳада ҳам яқин келажакда албатта ижобий ўзгаришлар бўлади.

- Бир кунлик иш тартибингиз қандай?

- Одатий кун тартибимга кўра, дастлаб оила даврасида тонгги нонушта қилгач (афсуски, ҳар доим ҳам бундай имконият бўлавермайди), ишга келаман. Иш кунимни албатта топшириқлар, мурожаатлар ҳамда уларнинг ижроси билан танишишдан бошлайман.

Иш куни давомида режамга кўра, белгиланган вазифаларни бирма-бир кўриб чиқамиз. Бунда мавсумга қараб вазифалар ўзгариб туриши мумкин. Мисол учун, ғалла мавсумида ғаллани нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, ундан кейин ерга такрорий экинлар экилишини назорат қилиш, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилаётган ишлар, саноат, ишлаб чиқариш, кичик тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан танишиш, муаммоларини ўрганиш ва таҳлил қилиш бўлиши мумкин.

Менимча, бугун ҳар бир раҳбар иш кунини пухта режалаштириши лозим ва албатта бажарилишига эришиши керак. Ҳокимлик фаолиятида майда ишнинг ўзи йўқ.

- Баҳодир Абдуллаевич кўчадаги мавқеидан ортиб, оддий ота бўла оладими?

- Шахсан мен учун ҳар қандай даражадаги мавқедан кўра оддий ота бўлиш афзал. Албатта, халқ, раҳбарият ишониб топширган масъулиятли вазифадан фахрланиш лозим, қадрлаш керак. Бутун масъулият ва шу билан бирга жавобгарликни ҳис этган ҳолда бор куч-қувватимни, билимимни шу ишончни оқлашга сарф қиламан. Лекин бу оила иккинчи ёки учинчи даражали дегани эмас. Фарзандларим, невараларимни ҳар куни кўра олмасам-да, кўнглимда ҳар бирининг ўз ўрни бор. Уларни яхши кўраман, узоқ вақт кўрмасам соғинаман. Ўйлашимча, оила аъзоларимга, мен ҳоким сифатида эмас, аввало, оддий ота сифатида керакман.

- Умуман, оила даврасида Баҳодир Баҳромовнинг ўрни ва роли қандай?

- Ўзимга ўзим баҳо бера олмайман. Бир нарсани айтишим мумкин, қизларим билан ҳам, ўғлим билан ҳам оилавий масалалар эркин, дўстона, очиқ руҳда муҳокама қилинади. Бунда албатта, уларнинг шахсий ҳаёти ҳамда фикрларини ҳурмат қиламан, уларни тинглайман.

Фикримча, ҳар бир оила ўзи билан ўзи тинч бўлса, маҳалла ҳам, жамият ҳам албатта, тинч бўлади.

- Булунғур тумани ҳокими кимни СЕВИБ ЎҚИБ, кимни ЎҚИБ ҲАЙРАТЛАНАДИ?

- Ўйлашимча, инсоннинг ўзида мутолаага иштиёқ бўлса албатта вақт топилади. Мисол учун, охирги ўқиган китобим, ўтган дам олиш куни – якшанбада Исматилла Йўлдошевнинг “Қора фаришта” китобини 4 соатда ўқиб чиқдим. Асар вилоятимизда рўй берган реал воқеаларга асосланган ҳолда ёзилган. Яъни, ҳаётнинг ўзидан олинган.

Менга кўпроқ миллатлар, жамиятлар ҳаётида муҳим из қолдирган тарихий шахслар ҳаётига бағишланган асарлар ёқади. Хусусан, шу кунларда Дурбек Қўлдошев қаламига мансуб “Императорнинг туғилиши” (Бобурнинг болалиги) асарини ўқияпман.

- Қайси адибларни қадрлайсиз, вилоятдаги, тумандаги ижодкорлардан-чи?

- Ўткир Ҳошимов, Сирожиддин Саййиднинг ижодини ҳурмат қиламан. Эркин Воҳидовнинг асарларини ҳам севиб ўқийман. Маҳаллий ижодкорлардан Фармон Тошев, Каримберди Тўрамурод, Исматилла Йўлдошев, Хосият Бобомуродоваларнинг ижодини ким билмайди дейсиз?

Бундан ташқари, Булунғур туманида ҳам истеъдодли ижодкорлар кўп. Уларнинг ижодини ҳам мунтазам кузатиб, имкониятимиз даражасида қўллаб-қувватлаб бораман. Мисол учун, оддий инсон Рўзибой Холмирзаев бугунги кунда 80 ёшни қоралаган бўлишига қарамасдан, бошқа мавзулар қатори, ёш бир ошиқ каби гўзаллик, муҳаббат тўғрисида ҳам оташин шеърлар ёзади. У кишининг ижодини кузатиб, инсон қалби гўзалликка, муҳаббатга доим ташна бўлиб қолишига яна бир карра ишонч ҳосил қилганман.

2019 йилда шоирнинг “Ватан туйғуси” шеърий тўплами нашрдан чиқишида ҳокимлик ёрдам кўрсатди. Айни кунларда иккинчи китоби ҳам нашрга тайёрланмоқда. Бу китобининг нашрдан чиқишини ҳам албатта қўллаб-қувватлаймиз.

- Шахсан амалга оширган ва бундан фахрланган ишингизга мисол айта оласизми?

- Тўғрисини айтганда, қайсидир ишни амалга оширганимдан ғурурланаман дейиш бироз нокамтарлик бўлади. Лекин узоқ йиллардан буён ечими топилмаётган ёки кўпчилик тақдирида ижобий ўзгариш бўлишига алоқадор, бироқ кўпчиликнинг умиди сўнган муаммоларни вилоят ёки республика даражасига олиб чиқиб, ижобий ечимида ҳисса қўшолсам, бундан фахрланаман.

- Масалан...

- Авлиё Парпи ва Эрганакли маҳаллаларида ички имкониятдан келиб чиқиб, кўприклар қурилди. Эрганакли маҳалласида шунингдек, дастур асосида замонавий кўприк барпо этилмоқда.

- Давлатимиз раҳбари 2019 йилда вилоятимизга ташрифи давомида Булунғур тумани билан Хитой ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш топшириғини берганди. Бироқ вилоят саноатида Булунғурни мавқеи кўтарилмаётгандек, назаримда...

- Аввало, вилоят миқёсида солиштирадиган бўлсак, Булунғур тумани саноати ривожланган туманлардан бири ҳисобланади. Булунғурда ишлаб чиқариш, қайта ишлаш корхоналари, кластерлар мавжуд. Буларнинг барчаси саноат.

Давлатимиз раҳбари, ҳақиқатдан ҳам, 2019 йилда вилоятимизга ташрифи давомида Булунғур тумани билан Хитой Халқ Республикаси ўртасида яқин ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, жумладан, чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича Хитой тажрибасини Булунғурда жорий этиш бўйича топшириқ берган эди. Биз бу масала борасида кўп ўйладик. Мутахассислар билан маслаҳатлашдик ва бир нечта лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Хитойлик тадбиркорлар томонидан туманнинг географик жойлашуви, иқлими, шароитлари ўрганилиб, 2019 йил туманда “Samarqand Richland International Investment” хорижий корхонаси ташкил этилди. Ушбу корхонага чорвачилик агрокластерини ташкил этиш учун туманнинг “Ғўбдин” массивидан 2000 гектар лалми ер майдони ажратиб берилди. Бугунги кунда лойиҳани ишга тушириш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Шу ўринда бир нарсага эътибор қаратиш лозим, гап унумдор, сувли ерлар ҳақида эмас, ўзлаштирилмаган, лалми ерларга сув (артезиан) қудуқларини қуриб, ўзлаштириш ҳақида кетяпти. Айни шу йўналишда маҳаллий тадбиркорлар ташаббусига кўра, "METIN GROUP IMPEKS" масъулияти чекланган жамиятига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чорвачиликни ривожлантириш учун минг гектар ер майдони ажратиб берилган. Лойиҳа 2021 йил 2-чорагида ишга туширилиши белгиланган.

- Бугунги пандемиянинг сабаблари ва оқибатлари ҳақида хулосаларингиз...

- Бутун дунёда пандемиянинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда. Оқибатлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, албатта, пандемия иқтисодга, саноатга ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Лекин шу билан бирга, ҳукуматимиз, давлатимиз раҳбари томонидан пандемиянинг салбий оқибатларини юмшатиш борасида қатор қарор ва фармойишлар қабул қилинмоқда.

Пандемия турмушимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Жумладан, турли катта-катта базм, маросимларни ҳам чегарадан чиқмаган ҳолда ўтказиш мумкин эканлигига жамоатчилик кўникиб қолди. Пандемия сабабли ҳар биримиз санитария-гигиена талабларига, соғлом турмуш тарзига эътибор қаратишни ўргандик. Умуман олганда, пандемия камчиликларимизни кўрсатди ва бугунги ҳаётимиз, турмуш тарзимиз ҳақида чуқур ўйлашга мажбур қилди. Хатолардан тўғри хулоса чиқарсак, ўйлайманки, барчаси яхши бўлади.

Ёқубжон МАРҚАЕВ суҳбатлашди.