Булунғурда бир кунда иккита машинадан ўғирлик қилган йигит қўлга олинди
Кеча, 5 август куни Булунғур тумани Соҳибкор маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган Н.Б. туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, 2020 йилнинг 4 август куни соат 22:30 ларда Булунғур тумани Соҳибкор маҳалласи ҳудудида ўзининг “Дамас” русумли автомашинасини қаровсиз қолдирган вақтида, номаълум шахс калит танлаш йўли билан автомашинасини очиб, машина салонида бўлган 100.000 сўм пулларни ва автомашинани бошқаришга берилган ишончнома ҳамда суғурта полисларини яширин равишда талон-торож қилганлигини баён қилган.
Бундан ташқари, туман ИИБга Булунғур тумани Бедана маҳалласида яшовчи 1996 йилда туғилган С.А. ариза билан мурожаат қилиб, шу куни соат 21:00 ларда Булунғур тумани Соҳибкор маҳалласи ҳудудида ўзига тегишли бўлган “Дамас” русумли автомашинани ойнасини очиқ ҳолатда қаровсиз қолдириб кетган вақтида, номаълум шахс автомашина эшигини очиб, машина салонида бўлган баҳоси 1.600.000 сўмлик “Redmi-8” русумли телефон аппаратини яширин равишда талон-торож қилганлиги, ушбу номаълум шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Булунғур туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида, мазкур ўғирлик Булунғур тумани Оқтош маҳалласида яшовчи 1987 йилда туғилган Р.С. томонидан содир қилинганлиги аниқланиб, ундан бир дона “Redmi-8” русумли телефон аппарати ва 100.000 сўм пуллар холислар иштирокида ҳужжатлаштирилиб олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Булунғур туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, деб хабар берди Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати.