Челакда 10 турдаги қуритилган мева қадоқланиб, хорижга экспорт қилиняпти

Пайариқ туманидаги “Челак томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамияти 10 турдаги ҳўл меваларни қуритиб, қадоқлаб, 10 га яқин хорижий давлатларга экспорт қиляпти.

- Цехларимизда 50 нафар ходим ишлайди, - дейди корхона мутахассиси Камолиддин Усмонов. – Жамиятга қарашли 40 гектар токзоримизда 40 киши иш билан банд, шунингдек, ўнлаб мавсумий ишчилар меҳнат қилади. Шу ерда ҳамда аҳоли томорқаларида етиштирилаётган маҳсулотлар шартнома асосида цехларга қабул қилинади. Улар қуритилиб, тозаланади ва қадоқланиб, экспортга чиқарилади.

Бир пайтлар бир неча ўн киши бажарган ишни бугунги кунда биргина қурилма амалга оширяпти. Масалан, майиз АҚШдан келтирилган махсус ускуна ёрдамида чўп ва бошқа чиқиндилардан тозаланади, ювилади ва қутиларга жойланади.

Корхона ўтган йили хорижга 3,5 миллион долларлик қуруқ мева сотган бўлса, бу йил 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилишни режалаштирган.

Сўнгги пайтларда мева сабзавотлар экспорти ошиши ортидан, боғдорчилик соҳасида деҳқон меҳнати қадр топяпти. Озгина ерда етиштирилган маҳсулот мўмайгина даромад келтиряпти.

- Бир пайтлар ҳовлимизда етиштириладиган ҳўл меваларни қуритиб қишга олиб қўярдик, - дейди пайариқлик Олимжон Мирзақобилов. - Еганимизча еб, қолганини арзимаган пулга сотардик ёки молларга берардик. Бугунги кунда томорқа хизмати кўрсатувчи корхоналар фаолият бошлагач, биз каби оддий деҳқонларнинг ҳам меҳнати қадрланяпти. Томорқада етиштирган маҳсулотларимизни шартнома асосида уларга топширяпмиз ва бундан яхшигина фойда кўряпмиз. Улар орқали узум, ўрик ва олмаларимиз хорижга сотиляпти. Чекка қишлоқдаги ҳовлимизда етиштирилган маҳсулот хорижга экспорт қилиниши хаёлимизга ҳам келмаган.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (сурат).