Оқдарё ва Паст Дарғом туманларида хурмо мевасини табиий қуритиш йўлга қўйилади
Бу ҳақда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти ахборот хизмати Zarnews.uz’га хабар берди.
Айни кунда Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти, Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети ҳамда “Япония – Ўзбекистон” ассоциацияси ҳамкорлигида “Самарқандда қуритилган хурмодан фойдаланган ҳолда қишлоқ даромадларини ривожлантириш” – “Grassroot” халқаро лойиҳаси ўз ишини бошлади.
Институт профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчиларига Токио қишлоқ хўжалиги ва технологиялар университети профессорлари – Такуя Бан, Сатоши Нома ва Ёшика Кавабата хурмони табиий қуритиш технологияси ва бундай қуритилган хурмонинг бозор баҳоси, даромади тўғрисида кенг маълумот берди.
- Лойиҳадан кўзланган мақсад, хурмо мевасини етиштираётган фермер ва деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига қуритилган хурмони тайёрлашни ўргатиш орқали қишлоқ аҳолиси даромадларини оширишга қаратилган, - дейди институт ректори Шавкат Ҳасанов.
Дастурга асосан, лойиҳа 2023-2026 йиллар давомида Ўзбекистонда фермер, деҳқон ва томорқа хўжаликларида амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, жорий йилда Оқдарё ва Паст Дарғом туманларида жорий этилади.