Черногорияда мантиқий изоҳлаб бўлмайдиган ноёб табиат мўъжизаси бор
Черногориянинг Диноша номли қишлоғида ноёб бир табиат ҳодисаси кузатилиб келинади. Бу қишлоқда денгиз ва бошқа қизиқарли жойларни топиб бўлмаслиги сабабли у унчалик машҳур эмас. Шунга қарамай, қишлоқда ҳар қандай тажрибали сайёҳни ҳайратда қолдирадиган битта табиий ҳодиса мавжуд ва у асосан кучли ёмғирдан сўнг содир бўлади.
"Табиий фаввора"
Диношанинг жанубида ғалати ва ажойиб дарахт бор. Ёши юз йилдан ошган бу дарахт кўринишидан қари тутга ўхшайди. Қишлоқ аҳолиси дарахтни "Табиий фаввора", деб атайди. Дарҳақиқат, гарчи буни фақат кучли ёмғирдан кейин кўриш мумкин бўлса-да, у чиндан ҳам оддий фавворага ўхшайди.
Кейинги 25 йил давомида кучли ёмғирдан кейин бу дарахт танасидан кучли оқим билан сув сизиб чиқади. Буларнинг барчаси 1,5 метр баландликда содир бўлиши аниқланган.
Баъзилар дарахт ичига қандайдир қувур найчаси ўрнатилиб қўйилгани натижасида ундан сув чиқади, деб айтади. Бироқ дарахт ичида ҳеч қандай қувур йўқ ва у уни ўрнатиш кимга ва нима учун керак бўлган экан?
Аслида ёмғирдан кейин сув ер ости чашмаларини тўлдиради ва у ердаги ҳосил бўлган босим туфайли сув бутун ўртаси чириган дарахт танаси бўйлаб кўтарилади ва табиий фавворага ўхшаб отилиб чиқади.
"Бундай табиат ҳодисаларини кузатиш жуда қизиқ, бу дарахт тўғрисида ҳеч қандай афсона йўқ, бу шунчаки табиатнинг ўзига хос хусусиятлари", дейди маҳаллий фуқаро Эмир Ҳакрамай.
Эҳтимол бу ҳодиса унчалик ноёб эмасдир.
Жодугар қудуғи
Бу қудуқ Эстониянинг Туҳала қишлоғида жойлашган. Қуруқ об-ҳавода у ҳеч кимнинг эътиборини тортмай, тинчгина туради, бироқ ёмғир ёғиши биланоқ, қудуқ ўзидан бир неча кун давом этадиган сув оқимларини отиб чиқара бошлайди.
Олимлар бу ғайриоддий ҳодисанинг моҳиятини аниқлашди. Гап шундаки, қудуқ тўғридан-тўғри ер ости дарёси устида жойлашган. Ёмғир ёққанда юзага келган кучли босим сувни фавқулодда ташқари томон куч билан итариб юборади.
Маҳаллий аҳоли эса бу тўғрида ёмғир пайтида ер остида яшайдиган жодугарлар бир-бирларини супурги билан буғлашлари сабаб сувлар тепага кўтарилиб, бу фаввора пайдо бўлишига амин.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.