"Captiva-5" учун пул маблағлари ва компенсация тўланадиган бўлди, аммо бошқа машиналарни етказиш яна кечикади

"UzAuto Motors" АЖ Chevrolet Captiva-5 автомобилини етказиб бериш бўйича бекор қилинган шартномаларнинг маблағларини қайтариши ва компенсация тўланишини маълум қилди.

"Chevrolet Captiva 5 автомобили бўйича жами 461 та шартнома пули тўланган. Айни пайтда 207 нафар харидор Chevrolet Captiva 5 автомобили ўрнига бошқа автомобилни олишга қарор қилишди, 161 нафари эса тўланган маблағни қайтарилиши учун ариза билан мурожаат қилган ва аллақачон пулларини қайтариб олишган.

41 нафар мижоз кечаги кундан бошлаб компенсация сифатида тақдим этилган 5 фоизлик тўлов суммасини олишди.

Қолган харидорлар ҳам ўз маблағлари ва компенсацияни яқин икки-уч кун ичида олишади" дейилган компания баёнотида.

Бугун компания яна бир хабарни эълон қилди. Яъни, шартнома бўйича 2021 йил ноябрь-декабрь ойларида автомобиль олишини кутаётган мижозларга автомобиллар яна 2 ой ўтиб етказиб берилишини маълум қилган.

Демак, ноябрда автомобиль олишни кутаётганлар келаси йил январда, декабрда автомобиль олишни кутаётганлар 2022 йил февралда мақсадларига эришадилар.

Аввалроқ компания октябрь ва ноябрь ойларида "Ласетти" ва "Лабо" автомобилларини кутаётган харидорларга яна 2 ой кутишлари лозимлигини маълум қилганди.