Чолғу асбоблари чанг босиб ётган мактаблар ҳам бор, мусиқа асбобларини ясовчи, созловчи усталар етишмайди

Эндиликда ҳар бир шаҳар, туман маданият марказлари вилоятда ҳисобот чиқишларини намойиш қилади. Жорий йилдан бошлаб вилоятдаги барча мусиқа ва санъат мактабларида давлат унвонига сазовор бўлган санъаткорлар маҳорат сабоқлари ўтиб келмоқда. Биргина, шу йилнинг ўзида нафақат Самарқанд шаҳар, балки чекка туманларимиздаги мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари етти марта халқаро танловларда фахрли ўринларни эгаллади.

Аввал хабар берганимиздек, ушбу маълумотлар Самарқанд вилояти Матбуот уйида вилоят ҳокимлиги маданият бошқармаси бошлиғи Хўжақул Муҳаммадиев иштирокида бўлиб ўтган анжуманда айтилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакилларига Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббусни амалга ошириш бўйича бошқарма тизимидаги маданият бўлимлари, кутубхоналарда, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ҳамда маданият марказларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

- Президентимизнинг 5 ташаббуси ижросини таъминлаш мақсадида шу йил давомида қатор тадбирлар, анжуманлар ўтказилди, - дейди вилоят ҳокимлиги маданият бошқармаси бошлиғи Х.Муҳаммадиев. – Ёшлар билан ишлашни самарали ташкил этиш, маданият, санъат ва спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга қизиқишларини ошириш бўйича «Театршуносман», «Мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактаблари музейларда», «Мен дирижёрман» каби қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Испанияда бўлиб ўтган халқаро танловда Самарқанд шаҳридаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг «Садозарб» доирачилар ансамбли 1-ўринни эгаллаган бўлса, Санкт-Петербургда ўтказилган танловда Каттақўрғоннинг «Нафис» рақс жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Вилоят ҳокими саъй-ҳаракати билан Кимёгарлар шаҳарчасида энг замонавий, барча шарт-шароитларга эга “Маданият саройи” ташкил этилди.

Бошқарма раҳбари ютуқлар баробарида соҳада ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина эканини айтиб ўтди. Масалан, баъзи мусиқа мактабларида фойдаланилмаётган чолғу асбобларининг мавжудлиги, маданият марказларининг бор имкониятларни ишга солмаётгани, чолғу асбоблари усталарининг саноқли эканлиги қайд этилди.

Гулруҳ МЎМИНОВА.