Давлат мукофоти ҳадя эмас, у ўз иқтидорини маҳорат билан мунтазам намойиш этганларга берилиши керак
Ижтимоий тармоқларда республика Хотин-қизлар қўмитасидаги давра суҳбатида Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловини янада такомиллаштириш зарурлиги айтилгач, шу жараёндаги 20 йиллик тажрибага таяниб, ўз мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим.
Аввало, шуни айтиш керакки, давлат мукофоти бир марталик ҳадя эмас, балки у муайян вақт давомида ўз иқтидори ва маҳорати билан бирор йўналишда жамият ривожига таъсир қиладиган, тажриба яратган, фидокорона меҳнати билан бошқаларга ибрат кўрсата олган шахсларга берилади. Аниқроғи, унда иқтидор эмас, маҳорат, меҳнат, машаққат ва унинг натижаси ҳисобга олинади.
Умуман мен паспорт олган шахсгина давлат мукофотини олиши керак, деб ҳисоблайман.
Энди бевосита таклифларимни айтиб ўтсам.
Биринчидан, кўпчиликда аниқ тасаввур бўлиши учун йигирма йил ичида ушбу мукофотни олганлар ҳақида тўлиқ мониторинг ўтказиш зарур. Ўшанда иштирокчилар сифат таркиби, ёшлари ўртасидаги фарқлар, ғолибларнинг қайси соҳада кўплиги, ўз ғолиблик йўналиши бўйича ўқиши ва фаолиятини давом эттиргани маълум бўлади. Негаки, бу танлов хусусида субъектив мулоҳаза асосида хулоса чиқариб бўлмайди. Иложи борича мониторинг натижаси жамоатчиликка ҳавола этилса.
Иккинчидан, бу мукофотга ўз даврининг иқтидорини рағбатлантирувчи восита сифатида қараш керак. Бу восита яхши натижа берди, кўплаб иқтидорларга қанот бағишлади. Уни такомиллаштириш ҳам давр талаби. Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан ёш истеъдодларга кенг имконият берилаётган бир пайтда бу ишларни уйғунлаштириш, мувофиқлаштириш жуда зарур.
Иштирокчиларнинг ёши масаласида бир тўхтамга келиш лозим. Мен вилоят ишчи гуруҳида адабиёт йўналишида ҳайъатга раислик қилдим. 8, 9-синф ўқувчиси қаторида коллеж ва олий ўқув юрти талабалари ҳам қатнашдилар. Табиийки, талаба савияси ўқувчиникидан юқорироқ бўлади. Бу вазият ноқулайликни келтириб чиқаради.
Иккинчи ноқулай ҳолат иштирокчиларнинг ўқиш, яшаш жойини аниқлашда кўзга ташланади. Бу масалада Низомга аниқлик киритиш зарурга ўхшайди. Мисол учун, Тошкентдаги нуфузли лицей ва коллежларда ўқувчи қизлар ота-онаси Самарқандда пропискада бўлгани учун вилоятда танловга қатнашади.
Учинчидан, танлов шартлари ижроси ҳақида. Кейинги йилларда мактаб ва коллеж ўқувчилари ҳар йили 2-3 тадан китоб чиқарадиган бўлиб қолишди. Тағин таниқли адиблар сўзбоши ёзиб беришади. Адади 100 донадан ошмайди, чунки танлов ҳайъатига тақдим этса бўлди. Бу ҳолат боладаги иқтидор намойиши ўрнига уни худбинликка, манманликка мойил қилиб қўяди. Бу иш ноширлик тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатяпти. Эҳтимол, ҳар бир вилоятда ҳар икки йилда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгашлари ташаббуси билан «Ёшлар овози» доимий альманах чиқарилиб, ундаги энг яхши муаллифлар танлаб олинар… Негаки, кенгаш қошида ёш ёзувчилар уюшмаси ишлаб турибди.
Адабиёт йўналишида танловнинг ёзилмаган шартлари ҳам бор, яъни иштирокчи Дўрмон ёки Зомин адабий семинарида қатнашган бўлиши керак. Табиийки, бундай нуфузли мактабларга кўпинча олийгоҳ талабалари танлаб олинади. Шу тариқа, сунъий равишда бошқаларнинг кўнглини қолдирамиз.
Тўртинчидан, назаримда спорт соҳасини танловдан чиқариш керак. Чунки жаҳон чемпиони давлат мукофоти олмаса ҳам ОТМга кириш имкониятига эга. Ғолиблиги учун эса мукофотидан ташқари ҳам уларга кўп ҳадялар берилади. Танлов жараёнида шу нарсанинг гувоҳи бўлдимки, спорт билан шуғулланувчи қизлар бадиий китобни кам ўқишади. Зулфияхоним ижоди бўйича ҳам тушунчалари саёз. Фанларни ўзлаштиришлари ҳам ўртамиёна. Улар учун журналист Нилуфар Жабборова («Оила даврасида», 2019 йил 30 май) таклиф этганидек, «Тўмарис» номи билан мукофот таъсис қилиш мумкин.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти фақат таълим олаётган қизларга берилади. Буни ўйлаб кўриш керак. Негаки, институт ёки коллежни битириб, қишлоқда эътибордан қолаётган иқтидорли қизлар ҳам бор.
Бешинчидан, ОТМлардаги номли стипендиялар, халқаро ва маҳаллий фан олимпиадалари, ёш китобхон ва бошқа кўплаб танловлар таълим соҳасидаги иқтидорларни рағбатлантириш учун етарли. Санъатда ҳам ижодий танловлар истаганча топилади. Ҳаммасининг имтиёзи бор. Шундай экан, Зулфия номидаги мукофот статусини қайта кўрмоқ зарур. Ростда, ёш қизнинг пул мукофоти, давлат мукофоти олиши, ОТМга тест синовсиз кириши биратўла учта имтиёз ҳисобланади. Бошқа фуқаролар эса давлат мукофоти олиш учун камида 15-20 йил ишлаши, жуда кўп синовлардан ўтиши ва давлат комиссиясига 2-3 марталаб ҳужжат топширишига тўғри келади.
Олтинчидан, танловнинг туман ва шаҳар босқичлари ниҳоятда бўш ёки номигагина ўтказилади. Бу жараённи 3-4 туманда минтақавий тарзда уюштирган маъқул эмасмикан? Хотин-қизлар қўмиталари баъзан ўрин бўш қолмаслиги учун дуч келган даъвогарнинг номзодини тақдим этишади. Ёки фан йўналишида Самарқанд шаҳридаги олий ўқув юртларидан бошқа ким яна номзод бериши мумкин?
Қолаверса, баъзида танловда бошидан қатнашмаган, аммо шу орада юқори бирор танлов ёки мусобақа туфайли натижани қўлга киритиб қолган қизлар ҳам унинг навбатдаги босқичларга ўтиб кетган ҳолатлар кузатилмоқда. Буни тушуниш мумкин, ҳар бир вилоят иштирокчи қизларнинг энг юқори натижаларга эришгани чиқишини истайди.
Яна бир муаммоли ҳолат айнан ижодкор қизларни танлаш билан боғлиқ, дейиш мумкин. Бу ўринда гап танловнинг адабиёт йўналиши ҳақида кетмоқда. Кўпчилик яхши билади, танловнинг нуфузи ошгани сари иштирокчилар сони кўпайган, қолаверса, қизларнинг халқаро танловлардаги иштироки ҳам ошган. Эндиликда мукофотга номзодлар орасидан жаҳон миқёсидаги танловларда иштирокчиларнинг ютуққа эришишга имконияти кўпроқ бўлиб қолмоқда. Бундай ҳолатда адабиёт йўналишидаги иштирокчиларнинг имконияти пасайиб кетади-ку. Ижодкор қизларимизнинг қанчаси халқаро танловларда иштирок эта олиши мумкин? Асосан ўзбек тилида ижод қиладиган қизларимиз учун бу шарт оғирлик қилмайдими?
Зулфия номидаги Давлат мукофоти ўтган давр ичида ижтимоий ҳаётдан ўз ўрнини топа олди. Танлов талабларини замонага мослаш эса унинг келажакдаги нуфузига хизмат қилади, шу пайтгача дардини айтолмай келаётган хотин-қизлар қўмиталари ташвишини енгиллаштиради, деб ўйлайман.
Фармон ТОШЕВ.