Давлат тили “миллатлараро алоқа тили” ҳамдир

Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ “ўзбек зиёлилари” имзоси остида мазмун-моҳияти мамлакатимизда рус тилига “миллатлараро алоқа тили” расмий мақомини беришга қаратилган “таклиф” хусусида баҳсли тортишувлар давом этмоқда. Бундай тортишувлар ҳар қандай демократик жамиятда юз бериши табиий, чунки ҳақиқат баҳсларда туғилади. “Элим деб, юртим деб куйиб-ёнаётган бу зиёлиларнинг” мамлакат ва миллатнинг ижтимоий-маънавий ҳаётида инқилобий ўзгаришларга олиб келиши мумкин бўлган “ташаббуси”, албатта, халқ оммасининг жамоавий ақл тарозисида тортиб кўрилиши ва маълум хулосаларга келиниши лозим.

Бу “ташаббус”нинг айни шу кунларда эълон қилингани тасодифми? Бизнингча, тасодиф эмас. Чунки Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирининг Тошкентга ташриф буюриши чоғида “Вести.уз” сайтида эълон қилинган ушбу ташаббусни меҳмон вазир мамлакатимиз раҳбариятига етказиши учун тайёргарлик бўлди, чоғи.

“Вести.уз” сайтидаги ўша чиқишда Ўзбекистонда рус тилига “миллатлараро алоқа тили” мақоми бериш таклифи билдирилган. Муаллифларнинг фикрича, бундай одимнинг отилиши рус тилининг ўқитилиши, ўрганилиши ва оммавийлашишига ёрдам берар эмиш. Ана шу “яхши ният” ушбу мурожаатноманинг эълон қилинишига туртки бергани ҳам таъкидланган.

Маълумки, собиқ шўролар даврида Ўзбекистонда рус тили ҳам давлат тили, ҳам миллатлараро алоқа тили эди. Ўзбекистоннинг, халқимизнинг мустақиллик учун кураши ўзбек тилига давлат тили мақоми бериш учун кураши билан бошлангани ҳеч кимга сир эмас. 1989 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни, унинг 1995 йилда янги таҳрирда қабул қилинган варианти ва 1992 йил қабул қилинган Конституциямиз Она тилимизни мустақил мамлакатимизнинг расмий давлат тили сифатидаги мақомини конституционал ва қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйди.

Ўтган 30 йилда мамлакат демографиясидаги аҳвол маҳаллий халқнинг фойдасига ўзгарди, ўзбек тилида гапирадиган аҳоли 90 фоиздан зиёд (1989 йилги аҳоли рўйхатида бу 72 фоиз эди), мамлакат турли халқаро ташкилотларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, у мустақиллик йўлидан дадил бормоқда. Рус тилли аҳолининг йил сайин озайиб бораётгани маълум (мамлакат миқёсида 8 фоиз, Тошкент шаҳри ва вилоятида 20 фоиз атрофида). Шундай экан, бу ташаббус қандай ижтимоий ёки демографик эҳтиёжга кўра пайдо бўлди?

Бизнингча, рус тилининг мақомини кўтаришга реал эҳтиёж йўқ. Қолаверса, ҳар қандай нормал мамлакатда давлат тили расмий тил ва у шу мамлакатдаги халқларнинг миллатлараро алоқа тили ҳамдир. Масалан, Россияда ёки Туркияда инглиз тилини миллатлараро алоқа тили сифатида эълон қилиш ҳақида ҳеч ким ўйлаб ҳам кўрмайди. Чунки Россияда рус тили, Туркияда турк тили миллатлараро алоқа тили вазифасини бажаради, бегона бир тилни жамият ҳаётига бир гуруҳ ёки қайсидир тоифанинг истагига кўра “киритиш”ни ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмайди. Қолаверса, Ўзбекистоннинг 28 йиллик янги тарихида рус тили ва мамлакатимизнинг рус тилли аҳолиси демократик давлатимизнинг ва инсон манфаатлари муҳофазасига қаратилган қонунларимиз ҳимояси остида ҳаёт кечирмоқда. Мамлакатимизда рус тилли аҳоли 8 фоиз атрофида бўлишига қарамай, ўрта умумтаълим мактабларининг 13 фоизи, олий ўқув юртларидаги академик гуруҳларнинг 10 фоиздан ортиғида рус тилида таълим берилаётгани ҳам шундан далолат беради (Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларининг расмий сайтлари статистик маълумотларига қаралсин). Россиялик олим Рой Медведевнинг МДҲ мамлакатларида рус тилининг аҳволи хусусидаги мақоласида Ўзбекистонда рус тилининг аҳволи кўнгилдагидай экани бежиз таъкидланмаган.

Ижтимоий тармоқларда ўзига хос баҳсли тортишувлар яратган бу “ташаббус”га кишилар турлича муносабатда бўлмоқда. Масалан “Фейсбук” тармоқларида муносабат билдираётганларнинг аксарияти бу “ташаббус”га қатъий қарши чиқаётгани кузатиляпти, ташаббус тарафдорлари ҳам йўқ эмас.

Рус тилининг жамиятимиз ҳаётида ўзига хос ўрни бор, албатта. Дунёнинг энг бой тилларидан бири бўлган бу тилни ўрганиш ҳеч кимга зиён келтирмайди. Зотан, кимга рус тили шахсий ҳаёти ёки касбий фаолиятида лозим бўлса, уни ҳеч бир чекловларсиз ўрганмоқда, бу табиий. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда инглиз тилини кенг ёйиш ва ўрганиш учун бу тилга расмий мақом бериш шарт бўлмаганидек, рус тили ва рус адабиётини ўрганиш, рус маданиятини тарғиб қилиш учун ҳам унга “миллатлараро алоқа тили” мақомини бериш мутлақо мантиқсизликдир.

Юртимизда азалдан тубжой аҳоли сифатида яшаб келаётган қозоқлар, қирғизлар, тожиклар, туркманлар ва бошқа миллатга мансуб аҳоли вакиллари давлат тилини қарийб 100 фоиз биладилар. Рус тилли аҳолининг катта қисми ҳам ўзбекчани аллақачонлар ўрганиб олган. Улар учун де-факто ва де-юре ўзбек тили “миллатлараро алоқа тили“дир. Шундай экан, давлат тили ёнига яна бир расмий тилни қонун йўли билан тиқиштиришга ҳеч қандай реал эҳтиёж йўқ.

 

Жўлибой Элтазаров,

Самарқанд давлат университети профессори.

Мардон Болтаев,

Самарқанд давлат университети доценти.