Депутатлар ҳеч бир масалага бефарқ эмас

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг ўттиз учинчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.
Депутатлар сессия кун ва иш тартибини, котибни тасдиқладилар.
Иштихонда ўзгаришлар кўп, муаммолар ҳам кам эмас
Сессияда дастлаб Иштихон туманини ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолашнинг рейтинг кўрсаткичларига кўра, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини яхшилаш юзасидан амалий чора-тадбирлар дастурининг ижроси ҳақида туман ҳокими Ш.Негматовнинг ҳисоботи эшитилди.
– Рейтинг кўрсаткичлари бўйича туманимизнинг “сариқ” тоифадаги ҳудудлар сирасига киритилишига сабаб бўлган омиллар эътиборга олиниб, таҳлил қилганимизда аҳоли бандлиги даражаси, саноат ишлаб чиқаришининг экспортга йўналтирилганлиги, қишлоқ хўжалигида сувни тежаш технологияларини жорий этиш каби 7 йўналишда кўрсаткичларимиз яхши эканлиги маълум бўлди, – деди Ш.Негматов. – Болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражаси, умумтаълим мактабларининг юкламаси, болалар ўлими, тадбиркорлик субъектларининг фаоллиги, янги тадбиркорлик субъектларининг ўсиши масалаларида эса кўрсаткичларимиз ўрта экан. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳаллий бюджет даромадлари, ҳудудий саноат маҳсулотлари, ҳудудий экспорт ҳажми, оналар ўлими, аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланганлиги масалаларида эса кўрсаткичларимиз ёмон эканлиги аён бўлди. Ана шу ҳолатлардан келиб чиқиб, туман рейтингини юқори даражага кўтариш учун йўл хариталари белгиланиб, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Туман ҳокими 2020 йил ва жорий йил биринчи чораги якунлари бўйича барча соҳаларда эришилган натижалар ҳақида Кенгашга ҳисобот тақдим этди. Айрим кўрсаткичлар ҳақида ўз сўзида айтиб ўтди. Шунингдек, туманда “темир”, “аёллар” ва “ёшлар” дафтарлари, тегишли дастурлар бўйича олиб борилаётган ишларга тўхталди.
Одатда, сессияда ҳоким ҳисобот берганидан сўнг масала қисқа муҳокама этилиб, қарор қабул қилинарди. Бу гал эса тартиб бироз ўзгача бўлди, аниқроғи, масала муҳокамаси мукаммалаштирилибди.
Ҳокимнинг ҳисоботидан сўнг ушбу масалани сессияга тайёрлаш жараёнида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги депутатлар гуруҳи томонидан Иштихон туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати ўрганилиши якунлари ҳақида мазкур партия депутатлар гуруҳи раҳбари Б.Насриев ахборот берди.
Б.Насриев гуруҳ томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари асосида ҳар бир сектор бўйича йўл қўйилган хатолар ва бажарилиши лозим бўлган масалаларга эътибор қаратди.
Жумладан, 1-сектордаги Бешариқ маҳалласида 200 дан ортиқ мактабгача ёшдаги болалар бўлишига қарамасдан ҳудудда бирорта ҳам боғча ташкил этилмагани, 2-сектордаги айрим маҳаллаларда уч дафтардаги оилалар ва фуқароларни рўйхатдан чиқаришда камчиликларга йўл қўйилгани, 3-сектордаги “Азамат” қишлоқ оилавий шифокорлик пункти биноси таъмирталаб ҳолатда эканлиги, 4-сектордаги Мирзоқул маҳалласининг ўз биноси эга эмаслиги каби муаммо ва камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида сектор раҳбарларидан сўралди.
Ҳисобот муҳокамаси жараёнида депутатлар Иштихон тумани ҳокими ва сектор раҳбарларига ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар, туманнинг рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Самарқандда алоқа сифати қачон яхши бўлади?
Сессия кун тартибидаги иккинчи масала – Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон–2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси бўйича вилоятда олиб борилаётган ишлар юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Д.Хўжамбердиев ҳисобот берди.
Д.Хўжамбердиевнинг қайд этишича, давлатимиз раҳбари фармони билан тасдиқланган “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида рақамли инфратузилмани, электрон ҳукуматни, рақамли иқтисодиётни, рақамли технологиялар миллий бозорини ривожлантириш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида таълим бериш ва малака оширишнинг устувор йўналишлари белгиланган.
Вилоятимизни рақамли трансформация қилиш дастурига асосан 2022 йил якунига қадар 47 та лойиҳа амалга оширилади. Бу борада Нуробод ва Қўшработ туманлари бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Рақамли инфратузилма йўналиши бўйича жорий йил якунига қадар 154 та соғлиқни сақлаш муассасасига, 251 та мактабгача таълим таълим ташкилотига, 764 та мактабга оптик толали алоқа кабелларини ётқизиш ва барча таълим, тиббиёт муассасаларини юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш режалаштирилган. 20 та ҳудудда Wi-Fi ҳудудлари ташкил этилади. 171 та мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш ва модернизация қилиш кўзда тутилган. 2022 йил якунига қадар эса 329,6 минг портли кенг полосали кириш портлар ўрнатилади.
Бундан ташқари, “Электрон кундалик”, “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона”, “Шаффоф қурилиш”, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”, “Маҳалла” сингари ягона ахборот ва электрон тизимларини жорий этиш бўйича иш олиб борилмоқда.
Стратегия асосида амалга оширилаётган ишлар албатта, қувонарли, лекин Самарқандда мобиль телефон алоқаси сифати ва интернет тезлиги қачон яхшиланади, қачон бу борадаги муаммоларга барҳам берилади, деб сўради депутатлар ҳисобот берувчидан.
Д.Хўжамбердиев 2023 йилда Самарқандда бу каби муаммолар бўлмайди, деб ваъда берди.
Наслли қорамолларни кўпайтириш гўшт ва сут маҳсулотлари арзонлигини таъминлайди
Сессияда депутатлар давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Фармони (129-банди) ижроси юзасидан вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Э.Тошмуродовнинг ҳисоботини эшитдилар.
Бошқарма бошлиғининг айтишича, мазкур бандда берилган топшириқ асосида ишлаб чиқилган дастурга кўра, жорий йилда вилоятимизда қорамоллар сонини 1 миллион 667 минг бошга, жумладан, сигирлар сонини 716 минг бошга, қўй-эчкиларни 2 миллион 560 минг бошга, парранда сонини 14 миллион 464 минг бошга етказиш ҳамда аҳолининг ўсиб бораётган чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини янада тўлароқ қондириш кўзда тутилган. Хусусан, йил давомида 315 минг тонна гўшт, 1 миллион 373 минг тонна сут, 1 миллиард 381 миллион дона тухум, 30 минг тонна балиқ ишлаб чиқариш параметрлари белгиланган. Бу вазифалар амалга ошса вилоятимиздан эҳтиёждан ортиқ гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланади.
Бунинг учун аввало чорва наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш талаб этилади. Депутатлар айнан ушбу йўналишларда олиб борилаётган ишлар билан қизиқдилар. Қоғозлардаги рақамларни ҳаётда акс эттириш учун наслдор молларни кўпайтириш, яйловларни асраб-авайлаш ва улардан самарали фойдаланиш, ветеринария хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар.
Сессияда вилоят сайлов комиссияси раиси С.Нуриевнинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига бўшаб қолган 44-Чархин сайлов округида 2021 йил 30 май куни ўтказилган сайлов натижалари тўғрисидаги ахбороти маъқулланди. Комиссия қарори билан Паст Дарғом тумани 9-мактабгача таълим муассасаси мудираси Урдашева Азиза Бекмаматовна халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати этиб рўйхатга олингани маълум қилинди.
Сессияда вилоят Кенгаши ваколатига доир бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.