Дронлар билан уюштирилган ҳужум туфайли Саудия Арабистони одатдагидан икки баробар кам нефть қазиб оляпти

Саудия Арабистонининг дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум уюштирилди. Мазкур ҳолат айни вақтда мамлакат учун ҳалокатли оқибатларга олиб келди. Яъни, нефть ишлаб чиқариш камида икки баробарга камайди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар берди.

Тез орада Saudi Aramco компаниясининг дунёдаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига дронлар ёрдамида амалга оширилган ҳужумни ким ташкил қилгани маълум бўлди. Ҳужум яманлик исёнчи ҳусийлар томонидан уюштирилган. Саудийлар айни вақтда улар билан уруш олиб боришмоқда.

Исломнинг шиа мазҳабига эътиқод қилувчи ҳусийлар 10 дона учувчисиз бошқариладиган дронлар ёрдамида мамлакатнинг шарқида жойлашган “Абкайк” ва пойтахт Ар-Риёддан шарқда жойлашган “Хурайск” нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум уюштирилган.

Мутахассисларнинг фикрича, уюштирилган ҳужум Саудия нефть саноатига нисбатан қилинган террорчиликларнинг сўнгги ўн йилдаги энг йириги бўлган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, айни вақтда Саудия Арабистонида нефть суткасига одатдагидан икки баробар кам миқдорда қазиб олиняпти. Бу нефть экспортига салбий таъсир кўрсатиб, дунёда нефть нархининг ошишига олиб келиши мумкин.

“Абкайк” нефть тизимининг юраги ҳисобланади ва энди у “юрак хуружи”га учради”, деди HIS Markit маслаҳатчиси Роджер Дайван.

Ҳужумга қадар “Абкайк” суткасига 7 миллион баррель хомашёни қайта ишларди ва унинг ўтган йилги соф даромади 111.1 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Дронлар билан қилинадиган ҳужум жаҳон терроризмида нисбатан ишлатилмаса-да, бугунгача бу усул оммавий тарзда қўлланилмаган. Айниқса, Саудия нефтни қайта ишлаш заводларидаги каби йирик объектларга ҳужум уюштирилмаган.