Дунёдаги энг қимматбаҳо тошлар

Узоқ вақт давомида олмос ноёб қимматбаҳо тош ҳисобланиб келинган. Ҳозирги кунга келиб одамлар йилига 10 тоннага яқин олмос қазиб олишмоқда. Савол туғилади: бу қимматбаҳо тош ишонилганидек ҳақиқатан ҳам камёбми? Тошларнинг қаттиқлиги ва зичлиги қандай текширилади? Карат нима? Олмоснинг бриллиантдан нима фарқи бор?

Минераллар қаттиқлигини аниқлаш миқёси ва усули 1811 йилда немис минерологи Фридрих Моос томонидан таклиф қилинган. Тошлар грамм ёки килограммда эмас, балки каратларда ўлчанади, карат эса оғирлиги ва ҳажмига қараб белгиланади. Масалан, 0,2 граммлик тош 0,50 карат, тегишинча карат ошгани сайин, тошнинг ҳажми ҳам ошади.
Бугун ҳақиқатан ҳам қимматбаҳо тошлар тўғрисида сўз юритамиз. Бу рўйхатга киритилган минералларни кўриб ҳайрон қолишингизга ишончимиз комил.

Сапфир (Ёқут)

Қадим замонлардан бери одамлар томонидан қадрлаб келинган қимматбаҳо тошнинг бир карати 4-6 минг доллар оралиғидаги баҳога тенг. У юқори қаттиқликка эга ва минераллар юзасининг нисбий қаттиқлигини белгилайдиган ўн балли Моос шкаласи бўйича 9 баллга етади. Эҳтимол, ундан фақат  юқорида номи келтирилган олмос кучлироқдир. Тўқ кўк рангли сапфир эса тошнинг энг нодир тури ҳисобланади. Бироқ, бошқа кўплаб ранглари ҳам қимматбаҳодир. Сапфир турли мамлакатларда қазиб олинади.

Зумрад

Моос бўйича 7,5-8 баллга эга қимматбаҳо тошнинг бир карати 6-8 минг долларга тенг. Зумрад тошларининг катта қисми Колумбия ва Замбияда қазиб олинади.

Александрит

Бу қимматбаҳо тошнинг баҳоси бир карат учун 10-15 минг доллар оралиғида бўлиб, у Моос шкаласи бўйича 8,5 баллга эга. Ушбу жавоҳиротнинг энг ҳайратланарли томони шундаки, у ёруғликка қараб ўз рангини ўзгартириши мумкин. Александрит биринчи марта 1833 йилда Ўрта Уралда топилган.

Турмалин Параиба

Мураккаб таркибли бу чиройли қимматбаҳо тошнинг бир карати 12-15 минг доллар оралиғида баҳоланади. Бор-йўғи 35 йил аввал топилган тош зичлиги  7,5 баллга тенг. Расмда неон кўк рангга эга турмалиннинг махсус тури кўрсатилган. Ушбу қимматбаҳо тош турли мамлакатларда қазиб олинади.

Олмос

Бир карат олмос 10 мингдан 17 минг долларгача баҳоланади. Қимматли тош Моос шкаласи бўйича энг юқори 10 балли қаттиқликка эга. Тушуниб олганингиздек, бу жуда кам учрайдиган тош эмас, бироқ у жуда қадрланади, чунки ўз гўзаллиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда бу минерал деярли барча мамлакатларда қазиб олинади. Айтганча, агар олмос қирраланган бўлса, шунда у бриллиант деб номланади. У - ҳақиқий санъат асари.

Рубин (ёқут, лаъл)

Моос бўйича 9 балл зичликка эга рубиннинг бир карати 15-18 минг доллар баҳоланади. Шуни таъкидлаш керакки, рубин ва сапфир қимматбаҳо тошларнинг бир хил “корунд” туридир, бироқ камдан-кам учрайдиган рубин 3 баробар қиммат туради. Ушбу тошнинг талабгори ҳам жуда кўп. Демак, эҳтиёж бор жойда, таклиф ҳам мавжуд.

Падпаража сапфири

Шри-Ланкадаги сингал тилидан унинг номи қуёш ботишидаги цейлон осмони ва нилуфар гули уйғунлашган ранглар жилосини англатади. Қимматбаҳо тошнинг бир карати 18 мингдан 20 минг доллар оралиғида баҳоланади. Бу оддий сапфир эмас, балки унинг ноёб туридир. Ўзига хослиги эса бу тош пушти-тўқ сариқ рангга эга. Ушбу зийнат буюми кўплаб мамлакатларда топилган. Лекин Шри-Ланкада қазиб олинадигани энг сифатлиси ҳисобланади.

Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.