“E-AUKSION” электрон тизимидан фойдаланиш соддалаштирилди
Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармасида ҳудудларда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи ёки давом эттирмоқчи бўлган хотин-қизларнинг “E-AUKSION” электрон тизимидан фойдаланиш малака ва кўникмаларини ошириш бўйича ўтказилган семинарда айтилди.
Маълум қилинишича, “E-AUKSION” савдо майдончасида рўйхатдан ўтиш ва аукционда иштирок этиш тартиби соддалаштирилган.
- Иштирокчиларни ортиқча овора қилишнинг олдини олиш мақсадида “E-AUKSION” электрон майдончасининг янги платформаси ишга туширилди, - дейди Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармасининг биринчи ўринбосари Абдувоҳид Янгибоев. – Бу тизим, аввало, тадбиркорлар фаолиятидаги шаффофликни таъминлайди ва масофадан туриб, кўп вақт сарфламасдан аукционда иштирок этиш имконини беради. Масалан, “E-auksion” савдо майдончасида ўтказиладиган танловда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтиш, ариза бериш, танлов шарти бўйича таклиф бериш талаб этилади ва энг яхши таклиф берган иштирокчи ғолиб деб топилади.
“E-auksion” савдо майдончаси орқали нафақат мулк сотиб олиш, балки мулкни сотиш ҳам мумкин. Бунинг учун буюртмачи (сотувчи) сифатида рўйхатдан ўтади ва электрон рақамли имзо билан электрон шартнома имзолайди. Сўнгра мулк маълумотлари, ҳужжатлари ва фотосуратларини савдо майдончасига жойлагач, аукцион муддати белгиланади ва мулк сотилгандан кейин ғолиб номига баённома расмийлаштирилади.
Семинар сўнггида тадбиркор хотин-қизлар ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоб олди.