Ечимини кутаётган масалалар кўп
Аввал хабар берганимиздек, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг йигирма олтинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессия ишини вилоят ҳокими, Кенгаш раиси Э.Турдимов олиб борди.
Ижтимоий-иқтисодий муаммолар “маҳаллабай” ҳал қилинади
Сессияда дастлаб вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқовнинг “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича шаҳар ва туманлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигидаги “Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар”, “Бошқарув офислари” ва маҳаллаларга бириктирилган доимий вакиллар таркибини тасдиқлаш тўғрисидаги тақдимоти муҳокама этилди.
Қайд этилишича, мазкур тизим орқали халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туманлар кенгашлари учун ҳар бир маҳалланинг ривожлантириш истиқболлари бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот олиш имконияти яратилади.
Ҳар бир маҳаллада “Темир дафтар”даги оилалар, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар турмуш шароити, бандлиги ва бошқа ижтимоий аҳволи юзасидан чораклик ҳисобот бериб борилади.
Янги тизим бўйича вилоятимиздаги 1100 маҳалланинг ҳар бирига тижорат банкларининг 774 нафар ходими “доимий вакил” сифатида бириктирилган. “Доимий вакил” - маҳалла раиси ва ходимлари билан биргаликда уйма-уй юриш орқали аҳолининг даромад манбаларини ўрганади, ишсиз аҳолининг хоҳиш-истакларини (касб-ҳунарга ўқиш, ишга жойлашиш, тадбиркорлик қилиш ва бошқаларни) аниқлайди ҳамда маҳаллани ривожлантириш бўйича “ўсиш нуқталари”ни белгилайди.
Шаҳар ва туманлардаги 64 та секторда иқтисодий комплекс таркибидаги ташкилотларнинг малакали раҳбарларидан иборат “бошқарув офиси” тузилган.
“Бошқарув офиси” доимий вакил тақдим этган таклифлар асосида ҳар бир маҳаллани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича “Йўл хариталари”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун “Мувофиқлаштирувчи гуруҳ”га тақдим этади.
Шаҳар ва туманлар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари бошчилигида иқтисодий комплекс ташкилотлари раҳбарларидан иборат “Мувофиқлаштирувчи гуруҳ” ҳар бир маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурини тасдиқлайди.
Дастурни маҳаллий Кенгашга олиб чиқади ва ижроси юзасидан ҳар чоракда ҳисобот беради.
Секторларда нима гап?
Сессия ишида вилоят прокурори, 2-сектор раҳбари Р.Машарипов жорий йилнинг биринчи чорагида ҳудудда амалга оширилган ишлар ҳақида ҳисобот берди.
Прокурорлар раҳбарлигидаги 2-секторларда 291 та маҳалла бўлиб, уларда 230 мингдан зиёд оилаларда 1 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Депутатлар билан биргаликда қилинган сўровлар натижасида 12 минг 927 эҳтиёжманд оилада яшовчи 58 минг 259 нафар фуқаро “Темир дафтар”га киритилган. Шу пайтгача вақтинча ишсиз 15 минг 763 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида 996,9 миллион сўмлик 416 та асбоб-ускуна тарқатилган.
Шу каби чора-тадбирлар натижасида 2-секторда бугунги кунгача 9 минг 954 оила камбағалликдан чиқарилган.
Сессияда сектордаги ҳудудларда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, камбағал аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларни бу тоифадан чиқариш мақсадида ишлаб чиқилган “Йўл харита” тасдиқланди.
Депутатлар вилоят 4-сектор раҳбари, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомовнинг ҳудудда амалга ошираётган ишлар юзасидан ҳисоботини тинглаб, тақдим қилган “Йўл харита”сини тасдиқладилар.
Кадастр палатаси қайта ҳисобот беради
Сессия кун тартибига кўра, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги давлат кадастрлари палатасининг вилоят бошқармаси бошлиғи Ш.Рўзиқуловнинг давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 февралдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисоботи тингланди.
Ш.Рўзиқулов мазкур қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, янги тузилманинг вазифа ва ваколатлари ҳақида маълумот берди. Ушбу йўналишда Ургут туманининг Вағашти ва Камонгарон маҳалласи ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектлари ҳамда қишлоқ хўжалиги ерларида амалга оширилган хатлов натижаларига тўхталди. Шунингдек, мазкур масала юзасидан вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ф.Аҳмеджонов ҳамда давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Ф.Худойқуловдан ҳам изоҳ сўралди.
Аммо ҳисобот пухта тайёрланмагани сабабли депутатлар ушбу масалани кейинги сессияларда қайта муҳокама қилишга қарор қилди.
Экологияга муносабат ўзгариши шарт
Депутатлар вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Д.Очиловнинг бошқарма томонидан 2020 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан берган ҳисоботидан сўнг шундай хулосага келдилар.
Бошқарма бошлиғининг қайд этишича, вилоятда атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар ташловчи 45 та йирик, 1047 та микрофирма ва кичик корхоналар фаолият кўрсатади. Уларнинг 11 793 та ташкиллаштирилган манбаларидан 525 таси соатига 11859,9 минг метр/куб газни тозалаш қувватига эга чанг-газ тутиш ускуналари билан жиҳозланган. Амалга оширилган таҳлиллар натижасида сўнгги 3 йилда вилоятда экологик аҳволнинг 2019 йилга нисбатан ўзгариши ва вилоят ҳудудида авария ҳолатида бирваракайига ёки авария туфайли чиқиндилар чиқиши кузатилмаган.
Тизим ходимлари томонидан вилоят ҳудудида 279 та ноқонуний чиқиндихоналар аниқланиб, 561 тонна қаттиқ маиший чиқиндилар тегишли ташкилотларнинг махсус техникалари ёрдамида олиб чиқилиб, чиқинди полигонларига жойлаштирилган.
Маиший чиқиндиларни бошқаришни модернизация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш доирасида 8,760 миллион евро (10,610 миллион доллар) сарфланиб, 2019 йилда 80 та чиқинди ташиш техникалари олиб келинган ва сертификациядан ўтказилиб, фойдаланишга топширилган.
Бошқарма бошлиғи эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар, тегишли бошқарув органлари ҳамда вакиллик органи билан ҳамкорликда ҳал этиладиган масалаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Сессия ишида шунингдек, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси бошлиғи Қ.Ҳасанов ва “Самарқанд сув таъминоти” масъулияти чекланган жамияти директори К.Юсуповнинг ҳисоботлари асосида тайёрланган “Самарқанд вилоятининг шаҳар ва туманлари ҳудудларида ичимлик суви ва оқова сув тармоқлари, ички хўжалик йўллари ва улардаги кўприкларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларининг манзилли рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида”ги, вилоят сектор раҳбарларининг “Вилоятни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш бўйича ишларни ташкил этиш юзасидан ишлаб чиқилган “Йўл харита”ларини тасдиқлаш ҳақидаги ва Кенгаш ваколатига кирувчи бошқа масалалар кўриб чиқилди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.