«Энг гуллаган ёшлик чоғлари» жанггоҳларда ўтган жасурлар

“Ғалаба”да яшаймиз

Қўшработ тумани марказидаги кўчалардан бири “Ғалаба” деб номланган. Бу ном Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба билан боғлиқ. Болалигим шу кўчада ўтган. Ён қўшнимиз Жонғабой (Янгибой) бобо маҳалладаги болаларни жуда яхши кўрар эди. Биз у кишининг ҳовлисидан чиқиб, дарвозаси ёнидаги ўриндиққа келиб ўтиришини деярли ҳар куни пойлардик. Бобо бизга урушда кўрган-кечирганларини гапириб бериши эртакдек эди. Худди қизиқарли кино кўргандек бўлардик. Деярли ҳар куни 10-15 дақиқа сўзлаб бериб, қолганини эртага эшитасизлар, дер эди бобо.

Бир куни фашистлар пулемётидан сочилаётган ўқларга кўксини қалқон қилиб, душманни чекинишга мажбур қилган дўсти ҳақида сўзлашни бошлаганда,  Жонғабой бободек кўкси медалларга тўла, болғалилик Адирбой бобо дўстини йўқлаб келиб қолди ва “қўй, шу уруш даврини эслама”, деб гапини бўлди.

Жонғабой бобонинг вафотигача, ундан кейин ҳам дўстини хотирлаб келиб турадиган Адирбой бобо кейинги пайтда кўринмай қолди. Яқинда у кишини йўқлаб Болғали қишлоғига бордим...

Украина, уруш, унутилмайди!

Адирбой Хўжанов 1925 йилда Қўшработ туманининг Болғали қишлоғида туғилган. Эндигина 17 ёшга тўлганда ҳарбий хизматга олинди. Энг гуллаган ёшлик чоғлари Украинада, Иккинчи жаҳон урушининг қонли жанг майдонларида ўтди. Ўлимларни доғда қолдириб, уруш тугагач, қадрдон қишлоғига қайтди.

1945 йилнинг кеч кузи. Қишлоқда битта нон топиш учун минг бир машаққат кечиш керак бўлган пайтлар. А.Хўжанов бу қийинчиликларни ҳам матонат билан енгиб ўтишга ҳаракат қилди, ҳамқишлоқларига елкадош бўлди. Қурбоной ая билан турмуш қуриб, бири аравакашлик қилиб халқнинг узоғини яқин, оғирини енгил қилишга ҳисса қўшган бўлса, иккинчиси чарх йигириб, тўқимачилик билан шуғулланади ва яқинлари, қўни қўшниларига кийим-кечак тикиб берди.

Уруш ҳақида сўраманг, яхшиси газета ўқиб бераман!

Адирбой бободан уруш даври ҳақида сўрасангиз хўрсиниб қўяди-да, бошини сарак-сарак қилади.

– Мендан уруш ҳақида сўраманглар, оти ўчсин, эслашни истамайман, – дейди у кўзига ёш олиб. – Ёнгинамда қанчадан-қанча сафдошларим жон берган. Уларнинг барчаси туғишган ака-укаларимдек қадрдонларим эди. Жанггоҳда яраланиб чеккан азобларимдан ҳам оғирроқ дардни ҳар бир хизматдош дўстимдан айрилганимда ҳис қилар эдим. Эй, қўйинглар, ўша кунларни. Президентимиз бизни мукофотлаш бўйича яна фармон чиқарибди, барака топсин! Шу янгиликни эшитиб ўтирганимда ташқарида ёмғир томчилай бошлади. Бу қишлоғимизга, юртимизга барака ёғилаяпти, дегани. Дунёмиз тинч, ризқимиз бутун бўлсин. Шу ёмғирлар бутун олам дардини ювиб кетсин.

Адирбой бобо 96 ёшни қаршилаётган бўлса-да газета ва китобларни кўзойнаксиз ўқий олади. 8 фарзанд, 50 нафардан зиёд невара-чеваралар ардоғида яшаб келмоқда.

Тўлқин СИДДИҚОВ.