Энг қиммат жонивор, ҳийлагар тулпор

Одамларнинг ҳайвонларни парвариш қилиш, улар ортидан моддий манфаат кўриши билан боғлиқ воқеалар ҳар қандай даврда ҳам бўлган. Шунинг учун ҳам ҳайвонлар бозорларда, аукционларда ўз нархидан жуда қиммат нархларда сотилган. Аммо айрим ҳайвонлар сотиб олган эгасини хонавайрон қилиши ҳам мумкин. Қуйида шу ҳақдаги маълумотларни келтирамиз.

***

Оқ филни совғага берилгани ҳақидаги воқеани биласизми? Билмасангиз, бироз вақт ажратиб қуйидаги мақолани ўқинг.

Айтишларича, Таиланд қироли йилига бир марта ўз аъёнларидан бирига оқ фил туҳфа қилар экан. Бундай эътиборга сазовор бўлган аъённинг хурсандчилигини кўринг. Ахир, жаноби олийларининг эътиборини қозониш ҳар кимга насиб этавермайди-да!

Кейинчалик аниқланишича, оқ филнинг турган битгани ташвиш бўлиб, эгасини хонавайрон қилар экан. Гап шундаки, боқиш жуда қимматга тушиб, бутун сарой хизматкорларини сақлашдан ҳам ошиб тушар экан, ундан воз кечолмайсан, бировга сотолмайсан, ахир уни қирол совға қилган-да. Мабодо ўлиб қолса боши танасидан жудо қилинади.

Тушунгандирсиз, қирол кимни хонавайрон қилиб йўқ қилмоқчи бўлса, ўшанга оқ филни совға қилар экан.

***

Унинг лақаби Грин Манки. Ўз вақтида бу тулпор кимошди савдосида ақлбовар қилмас пул – 16 миллион долларга сотиб олинган. Сотилишидан олдин Манки пойгада ҳаммани лол қолдиради  – 200 метрни 9,2 секундда босиб ўтади. Бу кимошди савдосида унинг нархининг ошиб кетишига сабаб бўлади.

Янги эгаси – ирланд заводи “Кулмор” соҳиби тулпордан фойдаланиб бойиб кетишини ҳисоблаб чиққанди. Вақти-вақти билан уни пойгага қўяди. Насл олишни истаганлардан катта пул ишлаб олади. Хуллас, қиммат отнинг турган битгани даромад. Режа яхши эди.

Аммо Манки охирги пайтга келиб ақлли ва ҳийлагар чиқиб қолди. У ўта ялқов бўлиб бирорта пойгада ғолиб чиқмай қўйди. Насл олиш учун келтирилган бияларга ҳам унча хуши йўқ эди. Унинг нархини икки баравар камайтириб сотишга бўлган уриниш бефойда кетди.

Т.Шомуродов тайёрлади.