Енгил автотранспортда йўловчи ташиш фаолияти ўзини ўзи банд қилиш ҳисобланади

“Автотранспорт воситаларини бошқаришда ва йўналишсиз такси фаолиятини амалга оширишда қўшимча қулайликлар яратиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан автотранспортни бошқариш учун ишончномаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (my.gov.uz) электрон расмийлаштириш йўлга қўйилади.
Электрон ишончномани нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди ва у ЙПХ ходимлари томонидан электрон текширилади.

Электрон ишончнома учун давлат божи ишончномани нотариал тасдиқлаш учун белгиланган давлат божига (БҲМнинг 3 баравари – 900 минг сўмга) нисбатан қуйидаги фоизларда ундирилади:

🔹 бир ойгача бўлган муддатга – 10 фоиз (90 минг сўм);
🔹 олти ойгача бўлган муддатга – 50 фоиз (450 минг сўм);
🔹 уч йилгача бўлган муддатга – 100 фоиз (900 минг сўм).
Юридик шахслар ҳайдовчиларининг 2 йилда 1 марта мажбурий малакасини ошириш талаби бекор қилинди.

2022 йил 1 сентябрдан фуқаролар ва йўловчи ташиш лицензиясига эга юридик шахслар ўртасидаги транспорт ижараси шартномаларини нотариал тасдиқлаш талаб қилинмайди.
Бунда мазкур шартномалар солиқ органларида электрон ҳисобга олинади.
2022 йил 1 сентябрдан 2024 йил охиригача:
➖ 4 тадан кўп бўлмаган ўриндиқларга эга транспортларда йўловчи ташиш ўзини ўзи банд қилиш деб қаралади ва ушбу фаолият лицензия варақаси асосида амалга оширилади;
➖ лицензия варақаси беришда автомобилнинг эксплуатация даврига қўйилган талаб бекор қилинади.