Ер юзидаги ҳайратланарли даражадаги гўзал, лекин ҳалокатли жойлар
Сайёрамизда шу қадар гўзал ва ғайриоддий жойлар борки, ҳатто ўлим хавфи ҳам баъзи жасурларни бу жойларга бориш ва суратга олиш истагидан тўхтата олмайди. Бугун сизга улар нима сабабдан ҳайратланарли эканлиги ва бу жойларга боришдан олдин яхшилаб ўйлаб кўриш керак бўлган гўзал ва хавфли жойларни кўрсатамиз.
Данакил чўли, Эфиопия
Бу чўл чиройли ва ниҳоятда заҳарли. Атмосфера заҳарли буғлар билан тўйинган, ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 50 даражагача етади. Заҳарли газларнинг юқори концентрацияси сабабли бу ерда одам учун узоқ вақт қолиш ҳалокатли.
Каинди кўли, Қозоғистон
Каинди кўли ҳақиқатан ҳам Қозоғистоннинг табиий мўъжизаларидан бири ҳисобланади, у "чўкиб кетган ўрмон" номи билан ҳам танилган. Биз сув омборининг гўзаллиги ҳақида чексиз гапиришимиз мумкин. Бироқ, кўлда балиқлар яшамайди, йилнинг исталган вақтида сув ҳарорати тушиб кетади ва ҳатто қаттиқ қурғоқчилик пайтида ҳам ундаги сув саёз бўлиб қолмайди – бу эса унинг"ўлик" лақабини олиши учун етарли.
Еллоустоун паркидаги кислотали кўл, АҚШ
Бундай жойларга ташриф буюриш қоидаларига эътибор бермаслик фожиага олиб келиши мумкин. Шундай қилиб, 2016 йилнинг ёзида Орегон штатида яшовчи киши манбадаги сувнинг ҳароратини қўли билан текшириб кўришга қарор қилди. Ҳодиса қандай тугаганини тахмин қилиш қийин бўлмаса керак.
Натрон кўли, Танзания
Бу олимлар ҳеч қачон очиб бера олмаган ҳодиса. Сув ҳавзаси нафақат унга яқинлашган ҳайвонларни ўлдиради, балки уларни мўмиёлаб қўяди. Жабрланганлар гўё сеҳрлаб қўйилганга ўхшайди.
Афар тоғ ҳавзаси ёки Афар учбурчаги, Эфиопия
Бу жойда қолишнинг ҳар дақиқаси ҳаётга таҳдид билан боғлиқ: бу ерда йилига 160 тагача зилзила қайд этилади, тупроқ саккиз метр чуқурликдаги ёриқлар билан қопланган.
Киву кўли, Марказий Африка
Кўл остида жуда катта метан конлари бор. Унинг яқин атрофида жойлашган Китуро фаол вулқонининг сўнгги отилиши 1948 йилда кўлнинг қайнашига ва ён атрофда яшайдиган аҳолининг ўлимига олиб келди. Шунга қарамай, ҳозирда бу ерда 2 миллионга яқин одам яшайди ва манзилгоҳ курортга айлантирилган, чунки атрофидаги табиат жуда гўзал.
Оловли тоғ, Индонезия
Тахминан юз мартагача отилган фаол вулқон. Оловли тоғ устидаги кул устунлари 3000 метргача баландликка кўтарилади. Сўнгги ҳалокатли отилиш 2014 йилда қайд этилган, ўшанда йигирма нафарга яқин маҳаллий аҳоли ҳалок бўлган.
Хуашань тоғи, Хитой
Хитой даосизмидаги бешта муқаддас тоғлардан бири. Чўққига олиб борадиган йўл ўтиш қийин бўлган бўлимларга тўлиб-тошган, баъзида одамлар тубсизликларда осилиб қўйилади. Фуникулёр (махсус арқон ёрдамида юргизиладиган тоғ темир йўли)нинг ишга туширилиши экстремал спорт ишқибозларини ўлим йўлидаги хавфли саёҳатдан қайтармади, шунинг учун энди ақлдан озган зиёратчиларга ҳимоя воситалари кийдирилади.
Дарвоза, Туркманистон
Қорақум чўлининг ўртасида диаметри 60 метрга етадиган оловли кратер жойлашган. У 1971 йилда табиий газ тўпланган жойларда қидирув қудуғини муваффақиятсиз бурғулаш ишларидан кейин ҳосил бўлди. Одамларга зарар етказмаслиги учун кратер бир неча кундан кейин ёниб тугайди, деган умидда ёндириб қўйилди. Аммо 50 йилдан зиёд вақт ўтдики, у ҳамон ёнишда давом этмоқда.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.