Эркинжон Турдимов афв этилганларнинг муаммосини тинглади

Бугун вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқанд шаҳрида ўтказган сайёр қабулида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 декабрдаги фармонига асосан афв этилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган фуқаролар билан учрашди.

Фармонга кўра, вилоятда 14 нафар фуқаро афв этилган.

- Ўғлим қамалганида 44 ёшда эдим. Ҳозир 64 ёшдаман, - деди ургутлик Муҳайё опа Ходиева. – Худога шукр, фарзандим бағримга қайтди. Келинимга ҳам минг раҳмат, 20 йил сабр қилди.

- Онахон, нима муаммонгиз бор? – деди вилоят ҳокими.

- Ўғлимнинг уй-жойи йўқ, шунга ёрдам берсангиз.

Ургут тумани ҳокими М.Турдиев афв этилган Н.Эргашевга кўп қаватли арзон уй-жойлардан беришни ва ишга жойлаштиришни ваъда қилди.

Афв этилганлардан бири иштихонлик С.Султонов жазодан тўғри хулоса чиқаргани, энди ҳалол меҳнат билан шуғулланишини таъкидлади.

- Тоғамнинг уйида катта бўлганман. Синглим турмушга чиқиб кетди. Мен ва онамга уй-жой керак, - деди С.Султонов.

Иштихон тумани ҳокими Ш.Негматов янги қурилаётган уйлардан 3 хонали уй беришга ваъда берди.

- Олдимга қўйган мақсадим – Ватанимга хизмат қилиш, - деди жомбойлик Ю.Муҳаммадиев. – Менга давлатимиз шундай имконият берганидан хурсандман. Диний билими бўлса-да, маънавий қашшоқ бўлган одам адашиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Энди тўғри йўлда яшайман.

Ҳоким ҳар бир афв этилган фуқаро билан алоҳида гаплашди. Қандай касби борлиги, нима иш қўлидан келишини бирма-бир сўради. Шу ернинг ўзида афв этилганларга муносиб ишлар таклиф этилди. Соғлиғидан муаммоси борлар даволаш муассасаларига жойлаштириладиган бўлди. Қувонарлиси, уй-жойга муҳтожларга уй бериладиган бўлди.

Х.ЭРНАЗАРОВА.