Эркинжон Турдимов: “Ҳоким аввало, халққа меҳрибон, масъулларга қаттиққўл бўлиши лозим”

Халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг навбатдан ташқари 45-сессияси ўтказилди. Йиғилишни туман кенгаши депутати О.Холжигитов олиб борди. Бу ҳақда "Жомбой тонги" хабар бермоқда.

Сессияда вилоят ҳокими Э.Турдимов иштирок этди.

Тадбирда ташкилий – Жомбой туман ҳокимини тайинлаш масаласи кўрилди.

Маълумот ўрнида айтиш лозим, жорий йилнинг 26 июль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида тумандаги бир қатор камчиликлар тилга олинди. Хусусан, сектор раҳбарларининг фуқаролар мурожаати билан ишлашда сусткашликка йўл қўйгани, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш, такрорий экин экиш борасида камчиликлар борлиги айтилди. Натижада, туман ҳокими Умиджон Назаров ҳамда учта сектор раҳбари – туман прокурори, ИИБ ва солиқ инспекцияси бошлиғи вазифасидан озод қилинди.

– Ҳоким аввало, халққа меҳрибон, масъулларга қаттиққўл бўлиши лозим, – деди Э.Турдимов. – Раҳбар, айтайлик, ҳоким қўрслик, қўполлик, зўравонлик қилса, уни жамиятнинг ўзи сиғдирмайди. Халқ севмайди. Шундай экан, нафақат бугун тайинланадиган ҳоким, балки барча туман ва шаҳарларимиз раҳбарларидан халққа қайишиш, фидойилик, юрт эртаси учун ёниб яшаш талаб этилади.

Сессияда Тўйчиев Ҳамза Ҳакимович Жомбой туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Тадбирда Б.Нодиров, Г.Аҳмедова, И.Пўлатов туман фаоллари, депутатлар номидан сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазаларини билдирди.