Эроннинг Шероз шаҳрида теракт содир этилди, ўнлаб қурбонлар бор

Эроннинг Шероз шаҳрида жойлашган Шоҳ Черак мақбарасида содир этилган теракт туфайли 20 киши ҳалок бўлди, бир неча ўнлаб одамлар яраланди, дея хабар бермоқда «Меҳр» мамлакат ҳукумати вакилларига таяниб.

“Эрон расмийларига кўра, чоршанба куни тушдан кейин уч нафар қуролли номаълум шахс Шоҳ Черах мақбарасига бостириб кириб, камида 20 кишини ўлдирган, яраланганлар кўп ”, — деб ёзади агентлик.

Қайд этилишича, хавфсизлик кучлари икки жангарини ҳужумга алоқадорликда гумон қилиб қўлга олган, учинчиси эса қидирувда.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳужумни мамлакатдаги сўнгги тартибсизликлардан фойдаланган террорчилар амалга оширган.

Сентябрь ойида Эронда ҳижоб ўраш қоидаларини бузгани учун хулқ полицияси томонидан ҳибсга олинган ёш аёлнинг ўлими ортидан ҳукуматга қарши намойишлар бошланди. Полиция аёлнинг ўлимига юрак хуружи сабаб бўлганини, оиласи эса унинг соғлиғида, хусусан, юрак-қон томир тизимида ҳеч қандай муаммо бўлмаганлигини таъкидлаган.

Баъзи маълумотларга кўра, бир ойдан зиёд давом этган тартибсизликлар юзлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган.