Эртага Самарқанд шаҳрига Паст Дарғом ва Пайариқдан автобуслар қатнови йўлга қўйилади
Республика маxсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 15 июнидан бошлаб вилоятимизда «қизил» ҳудуд ҳисобланган Ургут туманидан бошқа «яшил» ҳудудга айлантирилган барча шаҳар ва туманларда жамоат транспортида шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича автобус ҳаракатига руxсат берилди.
Эрта тонгданоқ вилоятимиз шаҳар ва туманлари бўйича 101 та йўловчи ташувчи автобуслар шаҳар (туман) ва шаҳар атрофи йўналишлари бўйича йўлга чиқди. Эртадан бошлаб эса Паст Дарғом ва Пайариқ туманларидан Самарқанд шаҳрига автобуслар йўловчи ташишни бошлайди. Шунингдек, Самарқанд шаҳрида ҳам 47 та йўналиш бўйича 156 та автобус аҳолига хизмат қилишни бошлади.
- Корхонамизнинг замонавий 28 та автобуслари Самарқанд шаҳридаги 5 йўналишда хизмат кўрсатади, - дейди “Архидея моторс” МЧЖ бошқарувчиси Музаффар Насимов. - Бир ҳафта олдин 15 та йўловчи автотранспортимиз йўналишларга чиққан бўлса, бугундан барча автобуслар аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни бошлади. Малакали ҳайдовчи ва кондукторлар билан таъминланган автобуслар тўлиқ дизенфекция қилиниб, «Теzcard» тизимига уланган.
Вилоят транспорт бошқармасидан олинган маълумотга кўра, шаҳардаги 8, 13, 45, 50, ва 61-йўналишларда йўловчилар оқими кам бўлганлиги сабаб бу йўналишларда жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилди.
Бугундан бошлаб ҳаракатга келган барча автобуслар йўловчилари «Теzcard» тизими орқали йўл ҳақини тўлашлари мумкин.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.