Ейскдаги самолёт қулаши қурбонлари сони 13 кишига етди
Хабар қилганимиздек, кеча кечқурун Ейскда Россиянинг "Су-34" товушдан тез учувчи қирувчи-бомбардимончи самолёти турар-жой биноси ҳовлисига қулаган ва самолёт ёқилғиси ёниб кетган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ейскдаги фавқулодда ҳолат натижасида 13 киши ҳалок бўлди, улардан 3 нафари бола, 19 киши жароҳатланган, деди журналистларга Россия соғлиқни сақлаш вазирининг ёрдамчиси Алексей Кузнецов.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қурбонлар сони ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Шунингдек, вайроналарни таҳлил қилиш ишлари якунлангани, қидирув-қутқарув тадбирлари давомида 68 кишининг ҳаёти сақлаб қолингани, 360 дан ортиқ кишини эвакуация қилингани маълум қилинди.
Самолёт ҳалокатга учрагач, кўп қаватли уйнинг биринчи беш қаватида 2000 квадрат метр майдонда ёнғин чиққан. Ҳозир ёнғин бартараф этилган, хонадонлар текширилмоқда.