Фан олимпиадасида самарқандлик уч нафар ўқувчи ғолиб бўлди
11-синф ўқувчилари учун фан олимпиадасининг республика босқичи бўлиб ўтди.
Олимпиаданинг тарих, география, она тили, адабиёт, тожик тили ва ўзбек тили фанларидан республика босқичи Самарқанд шаҳрида ўтказилди. Унда республикамизнинг 14 ҳудудидан 195 нафар 11-синф ўқувчиси иштирок этди.
Фан олимпиадасининг республика босқичида Каттақўрғон туманидаги 1-ИДУМ ўқувчиси Севара Жаҳонгирова она тили ва адабиёт фанидан биринчи ўринни, Самарқанд шаҳар 51-ИДУМ ўқувчиси Дилшод Давронов немис тили фанидан иккинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, СамИСИ академик лицейи ўқувчиси Ирода Баҳромова ўзбек тили фанидан учинчи ўринни қўлга киритди.
Кимё, биология, информатика ва ахборот технологиялари, рус тили ва адабиёти, қозоқ тили, қорақалпоқ тили ва адабиёти каби фанлардан республика фан олимпиадаси 8-11 июнь кунлари Навоий вилоятида бўлиб ўтади. Махсус мактаблар учун математика, она тили ва адабиёт фанларидан ўтказиладиган республика фан олимпиадасига Тошкент шаҳри мезбонлик қилади.