Фарғонада уч эгизак – Бибихоним, Амирбек ва Темурбеклар дунёга келди
Оилада фарзанд дунёга келиши катта бахт, агар улар эгизак бўлса, қўшалоқ байрам. Шундай қувончли воқеа Фарғона шаҳар марказий шифохонасининг туғруқ бўлимида юз берди. Бу ерда Нозимахон Аҳмаджонова эгизаклар – бир қиз ва икки ўғилни дунёга келтирди.
Фарғона вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг хабар беришича, аёлнинг турмуш ўртоғи Хуршидбек Иброҳимов ҳарбий хизматчи. Бухоро вилоятида фаолият юритиб келади. Ушбу оилада бир нафар ўғил фарзанд бор эди, эндиликда тўртта бўлди!
Чақалоқларнинг отаси ҳарбий хизматчи бўлгани боис буюк аждодларимиздек салоҳиятли ва жасоратли инсонлар бўлсин, деб яхши ният билан эгизакларнинг энг каттасига Бибихоним, ўғил болаларга Амирбек ва Темурбек, деб исм қўйишди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, туғилган уч нафар чақалоқнинг барчаси соғлом, малакали мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилди. Айни пайтда онага ҳам, чақалоқларга ҳам тажрибали шифокорлар назорати остида малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.