“Фермерга мадад” керакми? Унда адлия идораларига мурожаат қилинг!
Фермер хўжаликлари фаолиятида маъмурий буйруқбозликнинг ҳамон сақланиб қолётганлиги, айрим мансабдор шахсларнинг фермерлар ишига аралашуви оқибатида қишлоқ хўжалиги ривожида уларнинг чинакам “драйвер”га айланишига тўсқинлик қилмоқда.
Хусусан, шартномалар тузишда, ҳомийлик ишларига мажбурлаш, пул маблағларини ўзбошимчалик билан олиб қўйиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ҳолатлари учрамоқда.
Фермерларни қийнаётган шу каби муаммоларни таҳлил қилиш, уларга тегишли қонунчиликни қўллаш амалиётини ўрганиш орқали соҳани тубдан ислоҳ қилиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан жорий йилнинг июнь ойида “Фермерга мадад” акциясига старт берилди.
Акция жорий йилнинг декабрь ойига қадар республиканинг барча ҳудудларида, шу жумладан, Самарқанд вилоятининг бутун ҳудудида ўтказилади.
Акция доирасида фермерларга уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари тушунтирилади, мурожаатлари ўрганилади, муаммоларни аниқлаш бўйича сўров ўтказилади. Манзилли ва сайёр тадбирлар, интерактив усуллар, онлайн ва офлайн мулоқот платформалари орқали амалга оширилади.
Фермерлар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан вазирликнинг 1008 – ишонч телефони, @fermermadadbot махсус телеграм-боти, шунингдек вилоят адлия бошқармасининг +998 66 233-13-59 телефон рақами, samarqand@adliya.uz электрон почта манзили орқали ҳамда фермер хўжалиги ташкил этилган ҳудуддаги адлия органларига мурожаат қилишлари мумкин.
Фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари қонун ҳимоясида!
Вилоят адлия бошқармаси.