Футбол ўйингоҳи атрофи қачон ўралади?

Таҳририятимизга Самарқанд тумани Пулимуғоб маҳалласида яшовчи нафақахўр Шоди Жўраевдан шикоят аризаси келди. Унда мактабнинг футбол майдони ташландиқ ҳолга келиб қолгани, атрофи ўралмагани боис яйловга айлантирилгани ҳақида баён қилинади.

- Туманимиздаги Чумчуқли ва Пулимуғоб маҳаллаларидаги мингдан ортиқ ўқувчи маҳалламиздаги 24-мактабда ўқийди, - деб ёзади Ш.Жўраев. - Мактабимиз яқинда замонавий бинога эга бўлди аммо унга қарашли футбол майдони ташландиқ ҳолга келиб қолган. Ўйингоҳни 1965-1970 йилларда ёшлар ҳашар йўли билан қурган ва бу ерда туман, вилоят миқёсидаги мусобақалар ўтказиларди. Бироқ эътиборсизлик туфайли ўйингоҳ бугунги кунда чиқинди ташланадиган майдон ва яйловга айланди. Ўйингоҳ ҳудудини аниқлаш ва унинг атрофини девор билан ўраш бўйича бир неча ваколатли идораларга мурожаат қилдим, аммо натижа бўлмади. Ёшлар спорт билан шуғулланиши учун ҳам футбол майдони зарур. Бундай эътиборсиз қолдирилса, кимлардир майдонни ўзлаштириб олиши мумкин.

Мурожаат юзасидан туман халқ таълими бўлимига мурожаат қилдик.

- Ушбу маҳаллада ҳақиқатда ҳам замонавий мактаб қурилган, - деди Самарқанд тумани халқ таълими бўлими мудири Баҳриддин Мардонов. - Мурожаатда айтилган футбол колхозга тегишли бўлган ва колхозлар тугатилгач, мактаб балансига ўтказилган. Бу масалада бир неча маротаба мурожаат бўлган ва маҳаллага бориб ўйин майдонига чиқинди ташламаслик, ўзлаштириб олмаслик бўйича аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб борилган.

2020 йилда ушбу футбол майдони ҳудудини аниқлаб, атрофини девор билан ўраш, ўриндиқлар ўрнатиш режалаштирилганди. Аммо коронавирус пандемияси барча режаларни ўзгартириб юборди. Бу йилги режаларимизда 24-мактабнинг спорт майдони ҳудудини аниқлаш, атрофини ўрашни дастурга киритганмиз. 2021 йилда туман ҳокимлиги кўмагида маҳаллий бюджетнинг орттирилган қисми маблағларидан фойдаланиб ушбу спорт майдонининг атрофи девор билан ўралади.