Футбол: Ўзбекистон терма жамоасига хорижлик бош мураббий келди

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ бош мураббийи В.Абрамов Саудия Арабистонида бўлиб ўтган саралаш ўйинларида жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятини қўлдан бой бергач, истеъфога чиқарилди. Бош мураббийликка номзодлар рўйхатида Осиё футболини яхши биладиган словениялик Сречко Катанец ҳам бор эди. У билан оғзаки келишувга эришилган бўлиб, энди расман шартнома имзолаш қолганди. Янги бош мураббий шу мақсадда Тошкентга етиб келди.

С.Катанец футболчи сифатида Европа ва жаҳон чемпонатларида иштирок этган, мураббий сифатида эса бир қатор миллий жамоалар билан яхши натижаларга эришган. Айниқса, Ироқ термасини Осиё қитъасида юқори даражага олиб чиққанлигини кўпчилик яхши билади. Словениянинг эса жаҳон ва Европа чемпионатларидаги муваффақиятли иштирокида унинг хизмати беқиёс.

- Менга ишонч билдириб, терма жамоага таклиф қилганингиздан миннатдорман, - дейди С.Катанец. – Ўзбек футболи ҳақида яхшигина хабарим бор. Айниқса, Элдор Шомуродов ҳақида жуда кўп нарса биламан, у Европада ҳозир энг кучли футболчилар қаторида тан олинмоқда.

Сречко Ироқда ишлаганида футболчиларнинг даражасидан келиб чиқиб, ҳимоявий усулни танлаганлигини биламиз. Эҳтимол, Ўзбекистон миллий жамоасида ҳам ўйин услубини бироз ўзгартириши мумкин. Нима бўлганда ҳам жамоамизни Осиё чемпионатида совринли ўринларни қўлга киритишида янги мураббийдан натижа кутамиз.

Дилмурод Тўхтаев.