Футбол: "Ўзбекистон U-20" жаҳон чемпионатига тайёргарликни Қатарда ўтказмоқда

Ёш футболчиларимиз қитъанинг 16 та терма жамоаси қаторида жорий йилнинг 12 февраль - 1 март кунлари Хитойда ўтадиган U-20 Осиё кубогида иштирок этади.

"Ўзбекистон U-20" терма жамоаси шу кунларда Қатарда ўқув-машғулот йиғинини ўтказмоқда. Бугун, 3 январь куни Хитойда бўлиб ўтадиган U-20 Осиё кубогига тайёргарлик доирасида Фарҳод Нишонов мураббийлигидаги "Ўзбекистон U-20" терма жамоаси Саудия Арабистони билан иккинчи назорат учрашувини ўтказади. Жамоамиз илк ўртоқлик ўйинида Саудия Арабистони жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этган эди. Рақиб жамоаси дарвозасига йўлланган ҳар икки голга захирадан майдонга тушган Муҳаммадали Ўринбоев муаллифлик қилди.

Эслатиб ўтамиз, "Ўзбекистон U-20" жамоаси қитъа кубогининг “C” гуруҳида Эрон, Яман ва Индонезия термаларига қарши баҳс олиб боради.

Мазкур мусобақа жорий йил Чилида ташкил этиладиган 20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатига саралаш вазифасини ўташи билан аҳамиятли.

Осиё кубогининг энг яхши 4 та жамоаси 2025 йилги ёшлар ўртасидаги мундиалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.