Ғалати намойиш ва иш ташлашлар
Одамлар ўз ҳуқуқлари учун ҳар хил намойиш ва иш ташлашлар орқали курашиб келади. Иш ташлашни ташкил қилиш, айниқса оммавий ахборот воситалари ҳукмронлик қиладиган бугунги дунёда қатъият ва тасаввурни талаб қилади, шунинг учун бўлса керак, кўпинча касаба уюшмалари етакчилари ва фаоллар бу тадбирларга бироз ҳазил ёки ўзига хослик қўшишга ҳаракат қилишади. Қизиғи, бу ҳақда агар матбуотда кичик бир эслатма ёки хабар берилмаса, норозичилик намойишлари муваффақиятсизликка учраган ҳисобланади. Бугун ана шундай ғайриоддий намойишлар ҳақида сўз юритамиз.
Космосдаги норозичилик
1973 йилда АҚШнинг “Скайлаб” космик станцияси астронавтлари иш ташлашди. Улар Ердаги раҳбариятдан иш ҳажмини камайтиришни талаб қилиб, 24 соат давомида алоқани узиб қўйишди. Бир кундан кейин космонавтларнинг барча истаклари инобатга олинди ва алоқа қайта тикланди.
Италияча намойиш
Ходимлар қатъий равишда ўзларининг хизмат йўриқномаларига мувофиқ ишлай бошлашини тавсифлайдиган "Итальянча намойиш" атамаси мавжуд. Бунда вазият чидаб бўлмас ҳолга келиб, компания иши ҳам тўхтаб қолади.
Ушбу усул Швециянинг Вагерюдд шаҳрида синовдан ўтказилди. У ерда автобус ҳайдовчиларига ишга шортикда келиш тақиқланди ва рухсат этилган дресс-код (кийиниш қоидалари)га ишора қилиниб, уларга шим, юбка, кўйлак ва пиджак кийиб келишлари мумкинлиги айтилди. Эртаси куни барча ҳайдовчилар аёллар юбкасида ишга чиқишди.
Менинг иш вақтим тугади
АҚШда маҳбусларни бир жойдан бошқа жойга олиб ўтаётган қамоқхона автобуси ҳайдовчисининг иш куни манзилига етиб улгурмасдан тугади. У соатига қаради, вақт тугаганини кўрди ва машинани одамлари билан йўл четида қолдириб кетди. Автобусдаги 40 маҳбуснинг уч соат ўтириб, янги ҳайдовчи келишини сабр билан кутишдан бошқа чораси қолмади.
Мен “донор”ман
Всеволжск шаҳридаги “Ford” заводи раҳбарияти сезиларли миқдордаги ишчиларни қисқартиришга қарор қилди. Бундан норози бўлган ишчилар оммавий равишда донорлик марказларига бориб, қон топшира бошлашди, чунки фақат шу сабабли улар қонуний дам олиш кунини олишлари мумкин эди.
Бир бригада бошқасига алмашиниб, ҳамма дам олиш кунига эга бўлди. Конвейер тўхтаб қолди, топ-менежерлар эса “исён”чиларга ён беришга мажбур бўлди.
“Лифт оператори” - бу қанақа касб ўзи?
1945 йилда АҚШда лифт операторлари иш ташлашди. Ўшанда ҳар бир агрегатда тугмачаларни босадиган махсус одам бўларди. Операторлар ишга боришдан бош тортган бир пайтда, одамлар билиб-билмай ўзлари учун зарур бўлган қават тугмачасини босишни ўрганиб олишди. Намойишлар тугади, бу касб вакилларига эҳтиёж қолмади ва барча лифт операторлари ишдан бўшатилди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.