Ғаройиб реинкарнация: британиялик аёл қадимги Мисрда яшаганини қандай исботлаб берди?
Дороти Эди биринчи марта Мисрга келганида, ўзини илгари бу ерда, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бир неча минг йил олдин юргандек ҳис қилди.
Бахтсиз ҳодиса
Дороти Эди 1904 йилда Лондон чеккасидаги шаҳарчада туғилган. У уч ёшида зинадан йиқилиб тушиб вафот этди – бу ҳолатни уйга чақирилган оилавий шифокор тасдиқлади. Лекин бир соат ўтгач, шифокор яна чақирилди - қизалоқ тирик ва мутлақо соғлом эди, лекин гўё алмаштирилиб қўйилгандек, у мутлақо бошқача Дороти бўлиб уйғонганди.
Қизалоқ ўз она тилида ғалати талаффуз билан гапирар, ота-онасидан уни ўз уйига олиб боришларини сўрарди. Уйи қаердалиги ҳақида сўрашганида, у улкан устунлар ва гўзал боғлари бўлган баланд бинони тасвирлаб берди.
Тўрт ёшида оила Доротини Британия музейига олиб борди. Қизалоқ Қадимги Мисрга бағишланган залга кириб борганида ҳаммани ҳайратга қолдириб, экспонатларни қучоқлашга киришди. У булар унинг халқи, “ўз одамлари” эканлигини такрорлаб, ҳайкаллар оёқларини ўпар эди.
Янги қироллик даври 19 сулола фиръавни Сети биринчининг ибодатхонаси фотосуратига қараб, шу жой унинг уйи эканлигини айтди. У Миср коллекцияси хоналаридаги барча ёдгорликлар ва артефактларни таниди, лекин нега маъбуд атрофида боғлар ва дарахтлар йўқлигини тушунолмади.
Кўп ўтмай, қизалоқ қадимги Миср иероглифларни ўрганишга киришди. Машҳур мисршунос Э.Уоллис Бадж Доротини ўз қарамоғига олиб, унга Қадимги Миср тарихи бўйича машғулотлар ўтказди. Вақт ўтиши билан қиз тобора қадимги динга кирди ва оиласидан узоқлашди.
Узоқ кутилган Миср
1931 йилда Дороти мисрлик Эман Абдул Мегидага турмушга чиқди. Бу никоҳ инглиз тили ўқитувчиси бўлган аёл учун узоқ кутилган мамлакатга бориш чиптаси эди. Оёғи Қоҳира ерига тегиши билан у тиз чўкиб бутун умри давомида ўзини тортган ерни ўпди. Мисрда унинг ҳиссиётлари янада кучайди.
Британиялик аёлнинг таъкидлашича, ўтмишда унинг исми Бентрешит бўлиб, бу “қувонч арфаси” (арфа – мусиқий асбоб) деган маънони англатади. У 3300 йил олдин аскар ва сабзавот сотувчиси оиласида туғилган. Бентрешит уч ёшга тўлганида онаси вафот этди ва отаси уни тарбиялаш учун ибодатхонага берди. 12 ёшида олий руҳоний энди у муқаддас уйни тарк этиши ёки руҳоний бўлиши кераклигини айтди.
Қиз кетишни истамади, у эрга тегмасликка аҳд қилиб, қасам ичди ва ибодатхонада қолди. Кунларнинг бирида фиръавн Сети I зиёрат қилиш учун бутхонага келди, у ёш хизматкорнинг гўзаллигига ошуфта бўлди. Бентрешит фиръавннинг иродасига қарши тура олмади, у ўзининг яширин хўжайинидан ҳомиладор бўлди. Бу ҳақдаги хабар тез тарқалди, турмуш қурмаслик ваъдасини бузганлик учун қиз ҳам, Сети ҳам ўлим жазосига ҳукм қилиниши керак эди. Севгилисини оммавий хўрлашлардан ҳимоя қилиш учун Бентрешит ўз жонига қасд қилди.
Ҳаддан ташқари воқифлик
Дороти Қадимги Миср мавзусида жуда чуқур билимга эга бўлганлиги билан мутахассисларни ҳайратда қолдирди. Мисрликлар реинкарнация фактини тан олишди ва британиялик аёлга янги исм – “Сетининг онаси” деган ном беришди, чунки Доротининг ўша пайтда унга фиръавн исмини қўйган ўғли бор эди.
У Мисрнинг Абидос шаҳридаги Сети I ибодатхонасининг қазиш жойида иш топишга муваффақ бўлди. Доротининг ҳикояларига шубҳа билан қараган қадимий бўлим бош инспектори уни текширишга қарор қилди. Аёлга яқинда Сети биринчининг ибодатхонасидан топилган артефактларни бутунлай зулматда кўз юмиб тегиниш орқали аниқлаш таклиф қилинди.
Дороти чизмалар ва буюмларини жуда аниқ тасвирлаб берди, бу барчани ҳайратда қолдирди, негаки ўша пайтда хонада нима борлигини фақат бир нечта одам биларди, холос. Бундан ташқари, Доротининг ваҳийлари туфайли археологлар Сети биринчи ибодатхонасига туташган қадимий боғни ҳам топишга муваффақ бўлишди. У айнан британиялик аёл 50 йил аввал тавсифлаб берган жойда жойлашганди.
Ўнлаб йиллар давомида Дороти Эдининг хотиралари туфайли кўплаб кашфиётлар қилинди. Ундан олинган маълумотлардан сўнг, Отто Шаден бошчилигидаги тадқиқотчилар Тутанхамон мақбараси ёнида жойлашган ва 18-сулолага мансуб аёлларнинг қолдиқлари жойлашган Шоҳлар водийсидаги KV63 қабрини топишга муваффақ бўлишди.
Ўлим ҳаётнинг давомидир
Дороти нафақага чиққанида, ўғли Сети у билан Қувайтга кўчиб ўтишни таклиф қилди, аммо аёл рад этди. У Лондондаги фаровон ҳаётини кичкина коттеж ва иссиқ чўл иқлимига алмаштирган Мисрда, “ўз ибодатхонаси” ёнида ўлишни хоҳлади.
Дороти Эди 81 ёшида вафот этди. Хотиржамлик билан ўлимни кутган ва бу унинг севгилиси билан учрашишига ёрдам беришига ишонган аёл Абидосдаги коптлар қабристонига дафн этилди.
Ўлимидан сўнг ўн йиллар ўтган бўлса ҳам, баъзи тадқиқотчилар ҳали ҳам британиялик бу аёл энг сўнгги адабиётларни ўқиган ажойиб актёрлик маҳоратига эга оддий ёлғончи эканлигини исботлашга ҳаракат қилмоқдалар. Бошқалари эса у энг жозибали аёллардан бири бўлганини айтишади.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.