Гитлерни васваса хароб қилганди

Гитлернинг ўз жонига қасд қилганининг 75 йиллигига таниқли немис тарихчиси Фолкер Ульрихнинг шов-шувли «Гитлер: қўллаш 1939-1945» китоби пайдо бўлди. Унда Европа ва Россия бошига ёғилган фожианинг янги томонлари очиб берилган, деб ёзади «Мир новостей» (2020 йил, 12-сон) ҳафтаномаси.

Ульрих давлат бошига қандай қилиб чиқиб олган фанат-маньяк бутун Европа оламини вос-вос ҳолатига туширганини кўрсатади. Тарихчи руҳий хаста, ғалати кимсага немислар қандай ишониб давлатни топширганига ажабланади. Бундан ташқари, Гитлер чаласавод ва калтафаҳм васвасачи эди. Совет иттифоқига бостириб кириши Гитлернинг ўлимга маҳкум хатоси эди, деб ёзади Ульрих. Тарихчининг тахминича, хом хаёлга берилган Гитлерни 1940 йилда Дюнкеркеда денгизга қўшин ташлаб француз ва британияликларни осонгина тор-мор қилгани кўзини кўр қилиб, ўзининг саркардалик «даҳоси»га ҳаддан ташқари ишонтириб юборганди. Биринчи жаҳон урушида Германияни мағлуб этган Британия армиясини Гитлер Европада энг кучлилардан бири деб ҳисобларди.

Немис қўшинлари Ла-Манш қирғоқларида тўхтаганида Фюрер Буюк Британияга бостириб киришдан воз кечади. У британияликлар зарбасига дуч келишдан хавфсирарди. Агар британияликлар сал қатъият кўрсатиб, қуролларини ташламай қаршилик кўрсатишганда Гитлер Совет иттифоқига ҳужум қилишга журъат этолмаган бўларди. Ўша ғалаба, яна Франциянинг капитуляцияси нацистлар Германиясининг тарихида бурилиш нуқтаси бўлди. Гитлер Шарқда буни янада енгил ғалабалар кутаётганига ишонарди. Реал тарих билан яхши таниш бўлмаган Фюрер Совет иттифоқи ярим ёввойи славян қабилалардан иборат бўлиб, қаршилик кўрсатишга ожиз деб ўйларди. Ҳозиргина бир неча кун ичида Европадаги бош рақиби «ёввойи словянлар»ни яксон қилган унинг армияси бир ҳамла билан Москвага ҳам киради ва большевикларнинг бешиги Ленинградни эгаллайди деб хом хаёл қиларди. Унинг генералларидан бирортаси юрак ютиб, унинг кўрсатмаларига қарши фикр билдира олмади.

1941 йил 22 июнь тунда Германия бронетанк қўшинлари СССРга шиддат билан бостириб кирди. Маршал Георгий Жуков ўз хотираларида айрим совет ҳарбий бошлиқлари СССРга ҳужум тўғрисида разведка хабарларини ҳақиқатдан йироқ, дея Сталинни чалғитишганини келтиради. 14 июнда Сталин Мудофаа халқ комиссарлигининг армияни тўлиқ жанговар ҳолатга келтириш таклифини рад этиб, Жуков ва Тимошенкога «разведканинг ҳамма хабарига ҳам ишонавермаслик керак», дейди. У фақат 22 июнь кечаси бутун армияни жанговар ҳолатга келтиришга фармойиш беради. Афсуски, ҳужумни қайтариш, қарши зарба беришга тайёргарлик кўриш учун вақт қолмаган эди.

Немис танклари тўхтовсиз тўрт кун ичида 300 километр ичкарига бостириб киргандагина Сталин Германиянинг ҳужум қилмаслик тўғрисидаги шартномани бузганига ишонч ҳосил қилди ва мамлакатни уруш ҳолатига келтирди. Гитлерчи стратегик Эрих Минштейннинг хотираларига кўра, рейхнинг элита танк корпуслари катта йўқотишга дуч келган.

Сўнгра немис тарихчиси фашистларни минглаб совет ҳарбий асирларига шафқатсиз муносабатда бўлаётганини кўрган Қизил ярмия душманни орқага улоқтириб ташлаш учун ҳаёт-мамот жангига кирганини ёзади.

Ульрих Иккинчи жаҳон урушида Сталинграднинг беш ойлик қаҳрамонона мудофааси Гитлер армиясининг тор-мор қилинишида тарихий бурилиш нуқта бўлди, деб атайди. Тарихчи қонга ботган Волга бўйида совет аскарлари енгилмас дейилган фашистларга қарши қандай жасорат билан жанг қилишганини тасвирлайди.

Гитлер 1942 йилдаёқ ўзининг ғалабасига шубҳа билан қарай бошлайди, деб таъкидлайди муаллиф. Аммо калтафаҳмлиги туфайли бирор музокарага боришни истамайди.

Урушдаги мағлубиятдан сўнг немис миллати Фюрер томонидан амалга оширилган қирғинбарот ҳақида ўзини ҳеч нарса билмасликка олди. Ваҳоланки, улкан индустрия, унда банд бўлган минглаб одамлар – армия, полиция, хизматчилар, темирйўлчилар, крематорий қурган ва унга заҳарли газ етказиб берган фирмалар – инсониятни қонга ботиришга сафарбар этилганди. Ульрих жиноятда Гитлерга хизмат қилишга қасамёд қилган барча немисларни айблайди.

Т.МУРОД таржимаси.