Ҳанне КОЛИ: Финландия университетлари фанга эмас, илмий тадқиқотларга йўналтирилган
Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида Хельсинки университети таълим эксперти, педагог Ҳанне Коли фаолият олиб бормоқда. У билан суҳбатимиз айнан Финландия ва Ўзбекистон таълим тизими ҳақида бўлди.
- Ўзбекистон-Финландия педагогика институтининг ўқув дастурлари Финландия олий таълим муассасаларининг ўқув дастурларига мослаштирилганми?
- Мен институтдаги ўқув дастурларини ўрганиб чиқдим. Ҳали бу нарсани солиштиролмаймиз. Сабаби, жуда катта фарқ қилади. Финландиядаги университетлар илмий тадқиқотларга йўналтирилган. Бу ерда эса дарсларда асосий эътибор фанларга қаратилган, илмий изланишларга эмас. Финландияда биз бу жараённи боғчадан бошлаб ўргатамиз.
Финландиядаги бошланғич таълим Ўзбекистондаги бошланғич таълимдан баъзи жиҳатлардан фарқ қилади, баъзи томонлари бир хил. Финландияда 6 йиллик бошланғич таълим бўлса, Ўзбекистонда 4 йил. Бизда бошланғич таълимда ҳамма фанни бир нафар ўқитувчи ўтади, асосий фарқ ана шунда. Бошланғич синфда ўқувчиларга уч йил давомида умуман баҳо қўйилмайди, лекин улар дарсни қандай ўзлаштираётганини ўқитувчи яхши билади.
- Ўзбекистон-Финландия педагогика институтида ишни нимадан бошламоқчисиз?
- Мен бу ерда биринчи навбатда барча ходим, профессор-ўқитувчилар билан учрашдим. Дастлаб таълим жараёнини яхшилаб ўрганиб чиқишим керак. Бу ишимнинг биринчи қадами бўлади. Иккинчи қадам эса бу ердаги таълим дастурларини чуқур ўрганиб, биздаги таълим дастурлари билан солиштириш, ундаги ўхшашликлар, асосий фарқларни, қаерда тузатиш керак бўлса ўшани ўрганаман. Бу ердаги ўқитувчилар Финландиядаги ўқув методларига жуда қизиқиш билдиришди. Мен бир нечта методик қўлланмаларни олиб келганман. Институтдаги ўқитувчилар улардан фойдаланяпти. Ўқитувчилар янги услубий қўлланмалар яратишга ҳам қизиқиш билдиришмоқда. Биз янги таълим дастурларини яратамиз. Қисқа вақт ичида катта мақсадни олдимизга қўйганмиз.
- Финландия таълим тизими нимаси билан тараққиётга эришган?
- Икки давлатда ҳам деярли ўхшаш фанлар ўқитилади. Бизнинг асосий ютуғимиз ўқувчиларга қандай фикрлашни, қандай маълумотлар излашни ўргатамиз. Шунинг учун биз юқори ўринлардамиз. Мен Навоий вилоятида уч ой давомида мактаб таълими билан шуғулланганман. У ерда ўқувчиларни кузатганман, бу ерда ҳам ўқувчиларни кузатяпман. Айтишим мумкинки, Ўзбекистонда саводхонлик даражаси деярли 100 фоиз, ҳамма ўқишни билади. Техник ўқиш бўйича юқори ўринда, лекин ўқиётган нарсасини тушуниш ва англаб етиш бўйича саводхонликни ривожлантирсак юқори натижаларга эришамиз.
- Ўзингиз ҳақингизда ҳам гапириб берсангиз...
- Мен 45 йилдан бери ишлаб келмоқдаман. Фаолиятимнинг дастлабки йилларида дизайнер бўлганман. Педагог бўлиш учун яна ўқиганман. Сўнгра педагогларни тайёрловчи ўқитувчи бўлиб меҳнат қилдим. Кейин эса одамларнинг иш давомида муаммолари бўлади, ўша муаммоларни ечиш бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаганман. Менимча, Ўзбекистонда бундай касб йўқ, бизда эса бор. Финландия Европа Иттифоқига аъзо бўлганидан кейин бир қатор таълим лойиҳаларида лойиҳа раҳбари бўлиб ишладим, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ёздим, таълим платформаларида ўқув курслар яратдим. Ҳозирда бутун дунё бўйича ушбу курслардан фойдаланиб келинмоқда. Мен боғчадан тортиб бошланғич, ўрта мактаб, университет, хуллас, Финландиянинг ҳамма таълим босқичларида фаолият юритганман. Шунинг учун Финландия таълим тизимини жуда яхши биламан.
- Ўзбекистон-Финландия педагогика институти талабалари келажакда ўқишини Финландияда давом эттириши мумкинми?
- Ҳозирча бу институт ва Финландиядаги олий таълим муассасалари билан тўғридан тўғри шартнома ёки меморандумлар йўқ. Лекин баъзи келишув ҳужжатлари бор. Ана шу ҳужжатлар асосида Финландияда таълим олса бўлади, бу ерда ўқишни бошлаб, у ерда давом эттиролмайди. Финландияда бошидан бошлаб ўқиш имкони мавжуд.
Финландия олий таълим муассасаларида халқаро алоқалар яхши йўлга қўйилган. Асосан Хитой, Жанубий Осиё ва Африка давлатлари билан ҳамкорлик мавжуд. Энди Бундан кейин Марказий Осиё давлатлари билан ҳам ҳамкорлик қилинади.
- Финландиядаги олий таълим муассасаларида кредит-модул тизими мавжудми?
- Финландиядаги кредит-модул тизими Ўзбекистондагидан анча фарқ қилади. Бизда йил давомида 1600 соат бор, талабалар 60 баллни қўлга киритиши керак. 1 баллни қўлга киритиш учун талаба 26,7 соат ўқиши зарур. Бу тизим бутун Европа бўйича бир хил. Масалан, Францияда талаба неча баҳо олса, биз била оламиз. Болонья таълим тизимини 2004 йилдан бери қўллаб келмоқдамиз.
- Келажакда Марказий Осиёдаги давлатлар ҳам Болонья таълим тизимига кира оладими?
- Ҳа, албатта. Ҳозирда Европадаги давлатлар Ўзбекистонга ёрдам бериб келмоқда, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатмоқда. Аввало бу тизимни ўрганиш керак. Бошида жуда қийин туюлади, аммо ўрганса жуда ҳам осон. Болонья жараёнининг энг қийин қисми ўқитувчиларга бу тизимни ўргатиш. Ўқитувчилар жараённи ўзлари яхши тушунмаса, ўқувчиларга уни тушунтириб беролмайди. Бу малакага асосланган таълим тизимидир. Ўзбекистонда фанларга йўналтирилган таълим берилган, энди таълимни малакага йўналтириш бир мунча қийинчилик туғдиради.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА суҳбатлашди.