Ҳар бир дастур ўз вақтида, сифатли бажарилиши зарур
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қирқ еттинчи сессияси ўтказилди.
Сессияни Кенгаш котибияти мудири Ш.Йўлдошев бошқарди.
Дастлаб юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш муддатини кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш), халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 19 мартдаги 184/26-VI-сонли ҳамда 2021 йил 27 апрелдаги 209/29-VI-сонли қарорларига ўзгартириш киритиш, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилиб, тасдиқланди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиевнинг жорий йил 10 ойи давомида вилоятдаги секторлар ва ташкилотлар раҳбарларининг аҳоли мурожаатлари ва муаммолари билан ишлаш ҳолати юзасидан ахбороти эшитилди.
– Ўтган 10 ойда 19 817 та (2020 йилнинг 10 ойида 13 619 та) мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 15459 таси (74,5 фоизи) қаноатлантирилган, – деди М.Турдиев. – Соҳалар кесимида энг кўп мурожаат (2261 та) газ, электр энергияси ва сув таъминоти масалаларида қайд этилди. Шунингдек, моддий ёрдам (1795 та), иш билан таъминлаш (1458 та), алимент ундириш (1481 та) билан боғлиқ мурожаатлар кўп бўлди. Ҳисобот даврида вилоят Халқ қабулхонаси биносида 2-сектор раҳбари, вилоят прокурори ва 3-сектор раҳбари, ИИБ бошлиғи бир мартадан, маъмурий суд раиси уч марта қабул ўтказди. Вилоятдаги бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари эса Халқ қабулхонасида бирор марта ҳам шахсий қабул ўтказмади.
Мурожаатларни қаноатлантириш даражаси Каттақўрғон (42,5 фоиз), Нарпай (45 фоиз) ва Жомбой туманларида (48) паст бўлди. 467 та мурожаатнинг муддати бузиб ёпилди. Жумладан, “Самарқанд ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида 94 та, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасида 90 та, Халқ банки вилоят филиалида 65 та мурожаат қонунда белгиланган муддатдан кеч кўриб чиқилган. Мурожаатлар билан ишлашда камчиликларга йўл қўйган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича берилган тақдимнома ва таклифлар асосида 186 кишига тегишли чора кўрилди.
Сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосари – Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи А.Умаровнинг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятида учраётган долзарб муаммо ва камчиликлар ҳамда уларнинг ечими бўйича ахбороти ҳам депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди.
Таъкидланишича, йил бошидан буён вилоятда 17 та янги маҳалла ташкил этилди ва уларнинг умумий сони 1117 тага етди. Жумладан, Ургут туманида 9 та, Самарқанд шаҳрида 5 та, Қўшработ туманида 3 та янги маҳалла фаолияти йўлга қўйилди.
Маҳалла фуқаролар йиғинларининг рейтинги баҳоланганда 236 тасининг фаолияти “намунали”, 627 таси “яхши”, 235 таси “қониқарли” ва 7 таси “қониқарсиз”, деб топилди.
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларига кўра, 21 маҳалла биноларидан 13 таси фойдаланишга топширилган бўлиб, 8 тасида қурилиш ишлари давом этмоқда.
А.Умаров айни пайтда вилоятдаги маҳаллаларда ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳоли томорқаларида экин экишни ташкил этишда кам таъминланган, ёрдамга муҳтож хонадонларга ёрдам бериш, кексаларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериб, бу жараёнда юзага келаётган муаммоларга ечим топиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли ўртасида профилактик тадбирларни кучайтиришда депутатлар ва жамоатчиликнинг кўмаги зарурлигини таъкидлади.
Депутатлар вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Шукуровнинг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг вилоятдаги ижроси юзасидан ҳисоботни ҳам кўриб чиқдилар.
Дастурларга кўра, жорий йилда вилоятимиздаги 28 қишлоқ ва 4 маҳаллада кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жумладан, 87 миллиард сўм маблағ эвазига 27 та мактаб, 17 та соғлиқни сақлаш ва 15 та мактабгача таълим муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилиб, ҳозирда объектларда 75,9 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган. Сув таъминоти, электр энергияси, йўлларни таъмирлаш ва бошқа инфратузилма объектлари бўйича режалаштирилган ишлар барча ҳудудларда ҳам ўз вақтида ва сифатли бажарилмаяпти. Депутатлар бу ҳақда масъуллар олдига аниқ саволлар қўйди. Дастурда белгиланган ишларни қисқа фурсатларда якунига етказиш юзасидан барча имкониятлар ишга солиниши зарурлиги қайд этилди.
Шунингдек, сессияда вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи А.Иноғомовнинг маҳаллий бюджет прогноз кўрсаткичлари бажарилишини таъминлаш, ҳудуднинг иқтисодий ўсиш нуқталарини инобатга олган ҳолда қўшимча манбаларни аниқлаш, солиқ қарзларини қисқартириш, ортиқча тўловларга йўл қўймаслик бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботи эшитилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Г.Негматова “2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини 2021-2022 йилларда амалга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури”нинг Самарқанд вилоятига тегишли бандларини ижроси аҳволи ҳақида маълумот берди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан Кенгашнинг қарорлари қабул қилинди.