Ҳар бир маҳаллада 100 та тунги ёриткич

Паст Дарғом тумани ҳокими Шунқор Худойбердиев журналистлар ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-тур давомида ушбу акция ҳақида батафсил гапириб берди.
Туманда 86 та кўп қаватли уйларда 5200 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Таъкидланишича, 2021 йилда 11 та кўп қаватли уй қурилиб, ўз эгаларига топширилди. 1991 йилда қурилган 65 та кўп қаватли уйнинг том қисми, 55 та уйнинг фасади, 3 та уйнинг ертўласи мукаммал таъмирланиб, сув тармоқлари янгиланди. Ободонлаштириш ва фаровонлигини ошириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 20 та кўп қаватли уй таъмирланди, 7 та болалар майдончаси ва 16 та қўшимча бинолар қуриб берилди.
Жумладан, Балхиён маҳалласидаги кўп қаватли уйлар учун 5 миллиард сўм сарфланиб, марказлашган сув оқова тизимига уланди. Пиёдалар йўлаклари бетонлаштирилди. Бўстон маҳалласи 1 километр ички йўлларига асфальт ётқизилди. Чархин қўрғонидаги 4 та кўп қаватли уйлар учун 1,5 километр оқова тармоғи тортилиб, насос станцияси қурилди.
Ўтган йили Самарқанд шаҳридан Жума шаҳарчасигача бўлган 26 километр автомобиль йўлига тунги ёриткичли устунлар ўрнатилиши натижада "Беклар", "Пахтакор", "Гўзалкент" ва "Олти қаҳрамон" маҳаллаларининг асосий кўчалари ёритилди. Шунингдек, "Бўстон", "Ҳовузак", "Турон" ва "Галатут" маҳаллаларидан ўтган ички йўлларнинг 3 километрига ҳам ёриткичлар ўрнатилди.
- Туманимизда 2 минг километр йўл ва кўчалар бор, - дейди Шунқор Худойбердиев. - Барча қишлоқларни кечасини ёруғ қиламиз десак, 10 700 та тунги чироқ керак бўлар экан. Январь ойидан бошлаб «Ҳар бир маҳаллага 100 та тунги чироқ» акциясини бошлаган эдик. Бунга ўша ҳудуддаги фуқаролар, саховатпеша ҳомийлар ҳам бош қўшишган. Айни пайтда акция доирасида ўнлаб қишлоқларимизга чироқлар ўрнатиб бўлинди.
Жорий йилда туманда 8 та 300 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган. 9 та кўп қаватли уйлар мукаммал ва жорий таъмирланади. Жумладан, "Бўстон" маҳалласида жойлашган 3 та кўп қаватли уй, Aмир Teмур кўчасидаги 2 уйнинг фасади ва кириш йўлаклари, "Балхиён"даги 4 та кўп қаватли уйнинг ичимлик сув, оқова сув тармоқлари таъмирланади.
- Жума ва Чархин шаҳарчаларида 2 та оқова сувларини тозалаш иншооти ва 36,5 километр оқова тармоқлари қурилиши ҳам жорий йилги режаларимизга киритилган, - дейди туман уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Воҳид Нормуродов. – Ўтган йили қурилган кўп қаватли уйлар атрофи ободонлаштирилиб, болалар ва спорт майдончалари барпо этилади. 290 метр ирригация тармоқлари таъмирланиб, 1200 кв.м йўлаклар созланади. 12 та ёритиш чироқларини алмаштирилади. Кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида ўз хизмат вазифаларини бажаролмай қолган 7 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ўрнига ягона бошқарув сервис ташкилоти тузиш борасида хусусий тадбиркорлар ўртасида танлов ўтказиб, имкониятларини ўрганиб чиқяпмиз.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.