“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича кредитлар тўхтатилди(ми?)

Президентимизнинг 2019 йил 24 октябрдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида амалга оширилаётган лойиҳаларни кредитлаш тартибини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори бўйича кредит ажратилиши тўхтатилдими? Банкларга борсам кредит хужжатларимизни олмасдан навбатга қараб туринг, деган жавобни беришяпти?

К.БАРАТОВ,

Паст Дарғом тумани.

Мазкур қарор бўйича имтиёзли кредитлар ажратилиши тўхтатилгани йўқ. Лекин қарорда белгилаб берилган режани вилоятимиздаги тижорат банкларимиз 131 фоизга ёки 125 миллиард сўмга кўпроқ ажратилиши таъминланди. 2018-2019 йилларда ажратилган кредитларнинг қайтарилиши ҳисобига янги лойиҳаларни молиялаштириш кўзда тутилган бўлиб, ушбу қайтаётган маблағларни навбат асосида ўз эгаларига ажратиб берилмоқда.

Биргина “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича бугунги кунда вилоят бўйича сектор раҳбарлари тавсиянома берган. Туманлардаги “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” маркази томонидан ижобий хулоса берилган, маҳсулот, иш-хизмат ва товарлар тўлиқ етказилган. 20 миллиард сўмдан ортиқроқ лойиҳаларимиз кредит ажратишга тайёр ҳолда турибди. Ушбу лойиҳаларга қайтаётган маблағлар ҳисобидан навбат асосида ажратиб берилгандан сўнг янги лойиҳаларни молиялаштириш бошланади.

Саволга Марказий банк Самарқанд вилояти бош бошқармаси бўлим бошлиғи Жасур БАҲРИЕВ жавоб берди.