Ҳар тунинг қадр ўлубон, ҳар кунинг ўлсин Наврўз!

Қўшработ тумани азалдан бахши-ю оқинлар, чавандоз-у абжир полвонлар юрти саналган.
Айниқса, тоғли тумандаги қатор қишлоқларнинг оддий, самимий, камтар ва оқкўнгил одамлари аждодларимиздан мерос миллий анъана, қадрият ва урф-одатлар элементларини шуурларида яхши сақлаб қолганлиги ва уларга ҳаётда ҳамон амал этиб келаётганликлари билан нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсдаги эътирофга сазовор бўлган эъзозли эл ҳисобланади.
Қишдан зерикиб, баҳорни ва унинг гўзал айёми бўлмиш Наврўзни интиқлик билан кутаётган бу юрт аҳли байрамга ўзгача тайёгарлик кўрди.
17 март. Эрта тонг...
Туманнинг Жўш ҳудуди аҳолиси дилларни инжа, соҳир туйғуларга чулғаб келган кўкламнинг энг улуғ - Наврўз байрами сайлини "Қадриятларинг боқий бўлсин - Наврўз" шиори билан нишонлаш истагида "Жўш ота" истироҳат боғида жам бўлишди.
... Бир пайтлари давр сиёсати тақозосига кўра неча бир чиғириқлардан ўтиб, баъзан тақиққа ҳам учраган Наврўзимиз ота-бобо ва момоларимиз томонидан йил боши сифатида ҳам шодиёна этилган бўлса, вақт силсиласида мазкур айём авлодлар томонидан янада кўтаринки руҳиятда тантана этиляпти.
Байрам сайлида муносиб қатнашишга тайёргарлик кўрган ҳудуд умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари томонидан баҳор ҳамда Наврўз айёми мадҳ этилган саҳналаштирилган бадиий чиқиш ҳамда куй-қўшиқлар ижро этилди.
Сайил тадбири қатнашчилари томонидан ташкиллаштирилган миллий спорт ўйинлари, ттурли баҳорий таомлар ҳамда ўтмишда халқимиз томонидан уй-рўзғор буюмлари сифатида ишлатилган жиҳозлар ва ҳудудга хос осори-атиқалар кўргазмаси сайилга келган кекса-ю ёш қалбига бир олам таассурот, завқ-шавқ улашди.
Қўшробот ҳокимлиги тасарруфидаги барча идора ва ташкилот ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокидаги баҳорий уйғониш сайли тадбири ёшларнинг кураш беллашувлари ҳамда қўшиқлари санъаткорлар ижросидаги дилтортар қўшиқлар оҳангида давом этди.
Шокир Эргашев.