Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги чегарада Хитой ҳарбийлари билан юзага келган тўқнашув ҳақида хабар берди
Ҳиндистон Мудофаа визирлиги ўтган дам олиш кунлари Ладакх чегара ҳудудида Хитой ҳарбийлари билан юзага келган янги тўқнашув ҳақида хабар берди. Жабрланганлар сони ҳақида маълумот тақдим этилмади.
Ладакхдаги вазият жорий йилнинг май ойидан бошлаб икки мамлакат ҳарбийлари ўртасида бир қатор тўқнашувлар бўлиб ўтганидан сўнг зиддиятли тус ола бошлади. Расмий Нью-Дели тақдим этган маълумотга кўра, ҳарбийлар ўртасидаги тўқнашувлар оқибатида 20 нафар Ҳиндистон аскари ҳалок бўлган. Хитой томондан ҳалок бўлганлар тўғрисидаги маълумот тақдим этилмади.
“29 августдан 30 августга ўтар кечаси Хитой халқ озодлик армияси Шарқий Ладакхда давомийли тўқнашувлар чоғида эришилган ҳарбий ва дипломатик консенусни бузди ва ҳарбий ҳаракатга ўтишга ундовчи ҳаракатларни амалга оширди. Ҳиндистон қўшини ушбу ҳаракатларни Пангонг-Цо кўлининг жанубий қирғоғи ёнида тўхтатди”, дейилган Ҳиндистон Мудофаа вазирлиги ахборотида.
“Ҳиндистон армияси музокаралар орқали тинчлик ва хотиржамлик ўрнатилиши тарафдори. Аммо ўз ҳудудий чегараларини ҳимоя қилиш иштиёқи доимо юқори”, деб қўшимча қилинган хабарда.
Ладакхдаги вазиятни барқарорлаштириш учун икки мамлакатнинг қўмондонлик кучлари ва дипломатлари бир қанча музокаралар ўтказишди. Музокаралар натижасига кўра, икки мамлакат қўшини тўқнашувгача эгаллаб турган позицияларига қайтди.