Ҳоким пахта даласида 300 нафар теримчига совға берди

Самарқанд тумани ҳокими Носир Мавлонов Паст Дарғом туманида оқ олтин хирмонига ўз ҳиссасини қўшаётган тумандош ҳашарчилар даврасида бўлиб, 300 нафар теримчига совға улашди.

- Оиласига қўшимча даромад келтириш истагида юрган фуқаролар учун пахта мавсуми айни муддао, – дейди Самарқанд тумани Қайнама маҳалласида яшовчи Клара Ширинова. – Ўзим тикувчилик билан шуғулланаман. Мавсум бошланганидан буён пахта даласидаман. Ҳар куни 130-140 килограмм пахта тераман. Ҳар бир килограмм терилган пахта учун 1000 сўмдан беришяпти. Шу кунгача 3 миллионга яқин даромад қилдим. Бу ерда ҳар бир теримчига алоҳида эътибор қаратишади. Айниқса, туман ҳокими теримчиларнинг ҳолидан хабар олиб тургани, қилган меҳнатимизни қадрлаб, совға улашганидан жуда хурсандмиз. Бу албатта, кишига шижоат бағишлайди.

Туман ҳокими ва сектор раҳбарлари “Гулистон пахта ғалла даласи” фермер хўжалигида меҳнат қилаётган теримчилар билан дилдан суҳбатлашди. Қолган ҳосилни нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш учун меҳнат қилаётган ҳашарчиларга ўз миннатдорчилигини билдирди.