“Hududgaz Samarqand”: Самарқанд туманидаги суюлтирилган газга мослаштирилган маҳаллаларга табиий газ етказиб бериш учун техник имконият мавжуд эмас
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали facebook ижтимоий тармоғи фойдаланувчиси Andrew Jacksonнинг “Эшитишимча яқин орада Самарқанд тумани аҳолиси табиий газ масаласи бўйича ҳурматли Президентимизга хат ва ижтимоий тармоқлар орқали мурожаатнома жўнатармиш”, дея бошланган пост юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Аҳолининг иссиқлик энергияси ва табиий газга бўлган эҳтиёжи кундан-кунга ортиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, ўтган 20 йил давомида мамлакатимиз аҳолиси сони қарийб 10 миллионга ошган. Таҳлилларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2000 йил Ўзбекистон аҳолиси сони 24,488 миллион кишини ташкил этган бўлса, 2013 йил 29,993 миллион, 2020 йил 1 апрель ҳолатига кўра, 34,03 миллион кишига етган. Бундан ташқари, иқтисодиётни ривожлантириш тармоқлари саналган тадбиркорлик субъектларининг йилдан-йилга ошиши ҳам табиий газга бўлган талабнинг ортишига хизмат қилмоқда.
Ҳукуматимиз томонидан аҳоли ва кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиётни ривожлантириш тармоқларини табиий газ билан таъминлаш борасида қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Хусусан, газ етиб бормайдиган ёки газ етказиб бериш имконияти бўлмайдиган маҳаллаларни суюлтирилган газ билан таъминлаш борасида маъёрий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, Президентимизнинг 2015 йил 7 июлдаги “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва шу ҳақдаги вилоят ҳокимининг 2015 йил 10 августдаги 174-Қ сонли қарорига мувофиқ, Самарқанд вилоятидаги 827 та маҳаллаларда яшовчи 479,000 дан ортиқ хонадонлар табиий газдан суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган.
Бугунги кунда табиий газ ресурслари кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиётни ривожлантириш тармоқлари саналган тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилмоқда. Мазкур ҳужжатга асосан Самарқанд туманидаги табиий газ етказиб бериш қийин бўлган 61 та маҳаллада яшовчи 29.000 нафарга яқин истеъмолчилар ҳам туман ҳокимлиги қарори билан суюлтирилган газ таъминотига ўтказилган.
Айни пайтда Самарқанд туманидаги суюлтирилган газга мослаштирилган маҳаллаларга табиий газ етказиб бериш учун техник имконият мавжуд эмаслигини маълум қиламиз.
“Hududgaz Samarqand” газ таъминоти филиали матбуот хизмати.