Ибодатхонанинг “муқаддас овози“
Мальта оролида "Хал-Сафлиени" номли ерости ибодатхонаси бор. У бундан 5 минг йил аввал қурилган. Ибодатхона "ёш"ига қараганда жуда яхши сақланган. Аммо ҳозир гап бунда эмас, унинг ноёб хусусиятида.
Ибодатхонада археологлар томондан Тангри камераси деб аталган алоҳида ҳужра бор. Агар ушбу ҳужрага кириб, шивирлаб гапира бошласангиз ҳам овозингиз 100 маротабага кучайиб, бутун ибодатхонага таралади. Вужудингиз, миянгиздан суяк–суягингизгача овозга айланганини ҳис этасиз.
Ибодатхона устма-уст қурилган уч қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир ҳужрага бир неча даҳлизлардан кириб бориш мумкин. Аммо айрим даҳлизларнинг охири берк. Моҳиятан ибодатхона – лабиринт. Археологлар ибодатхона айнан кохинлар томонидан кароматларини эшитиш учун фойдаланилган, деб ҳисоблайди.
Сайр қилган соғлом бўлади
Табиат қўйнида сайр қилиш соғлик учун фойдалигини ҳамма яхши билади. Хўш, у нимаси билан инсон руҳияти ва соғлигига таъсир қилади?
Бу саволга жавоб топиш учун Берлиндаги Инсон ривожланиши институти невролог–олимлари тажриба ўтказдилар: 63 кўнгилли ўрмонда сайр қилишга таклиф қилинди. Сайрдан сўнг улар магнит тўлқини томография – МРТда текшириб кўрилди. Аниқланишича, табиат қўйнидаги сайрдан сўнг мияда инсонни таҳликал қўрқувга тушишига, оғриқ ҳис этишга жавоб берадиган маркерлар миқдори камаяр экан. Натижада кайфият кўтарилади, юрак уриши, қон айланиши маромига тушади.
“Табиат ва мия ўртасидаги бундай алоқа одамларда соғлом турмуш тарзини шакллантиришда муҳим аҳамиятга касб этади, - дейди тадқиқотчилар гуруҳи раҳбари Симон Кюн. - Шуниси қизиқки, табиатда сайрдан кейин мия фаоллиги барқарорлашади. Бу кишиларда руҳиятни бузилиши, саросима, жазавага тушиш ва бошқа асаб бузилишининг олдини олишда ўта муҳимдир”.
Т.Шомуродов тайёрлади.