Ибратли воқеа: Дўст
Бир киши газдан катта қарз бўлиб қолди. Текширувчилар келиб “Уч кун ичида тўламасангиз ўчириб кетамиз, ҳам жарима тўлайсиз”, деб таҳдид қилиб, билдиришнома ташлаб кетишди.
Чуқур ўйга ботди, қўлида пул йўқ. Аксига олиб мижозлардан ҳам эшик-ромга буюртма тушмаяпти. Ҳаво совуқ. Газ ўчирилса, уй совиб кетади. Ўзи билан аёли-ку майли, чидашар, лекин икки норасида фарзанди нима қилади!? Яқиндагина бирининг шамоллашини тузатиш учун дориларга анча пули кетганди. Пулдан ҳам аввал игна таъсирида чирқираб йиғлайдиган боласига ачинди.
Шуларни ўйлаб, боши қотганча синфдош дўстининг олдига боришга қарор қилди. Ўртоғи анча ўзини тутиб олган, топарман йигитлардан эди. “Ҳали ҳеч сўрамаганман-у, йўқ демас” деган умидда эшигини қоқди.
- Ие, ўзингмисан, ўртоқ!? Саломатмисан? Қандай шамол учирди!? Бир йўқлаб келибсан-да, раҳмат. Қани юр уйга, бир отамлашамиз, - деди.
- Йўқ, раҳмат, дўстим, бошқа сафар. Олдингга бир юмуш билан келдим.
- Ҳа, ҳа, майли. Нима гап?
Дўстининг сўзларидан қувониб, бор дардини айтди. У эса бунга бироз тикилиб турди-да:
- Пулим йўқ, хафа бўлмайсан, - деди қисқа қилиб.
Устидан муздек сув қуйиб юборилгандек бўлди, хайр-маъзурни ҳам насия қилиб ортга қайтди. Ўртоғининг ҳай-ҳайлашига ҳам қулоқ солмади. Қаттиқ дили оғриди. Кечгача томоғидан ҳеч нарса ўтмади. Ахир, кечагина шу дўсти билан мактабдан қочиб канал бўйида чўмилишган, тўп тепиб катта бўлишганди. Бегона болалар билан жанжаллашиб қолишса, жуссаси кичиклигига қарамасдан, мағрурлигидан тилини бермасди. Қорни оч қолса ҳам шу ғурури туфайли мактаб ошхонасида биров унга егулик олиб беришларига йўл қўймасди. Айни пайтда эса ўша энг яқин ўртоғи томонидан қадри топталгандек ҳис этди ўзини.
Эртасига синиқ кайфиятда “газ идораси”га йўл олди. Бор топгани бир ярим миллион сўм катта пул бўлса-да, қарзига етмасди. “Газдагилар ҳам одам-ку ахир, тўғрисини айтиб илтимос қилсам, тушуниб, бирор ой муҳлат беришар, қочиб кетмаяпман-ку”, деб ўзини овутса-да, гўдакларининг қиш қаҳратонидан соғ-омон олиб чиқишни ўйлаб, эзиларди. Идорага бориб ҳисоб-китоб бўлимига кирди. Ходимларга қарзи борлигини, уни тўлагани келганини айтди. Дастурдан текшириб “Сизни қарзингиз йўқ”, деган жавобни эшитиб, “яхшилаб текширсангиз, узсак жарима ҳам тўлайсиз дейишган”, деди.
“Ака, қарзингиз йўқ” деган қатъий гапни эшитгач, музлаб қолай деди. Бу англашилмовчиликка ақли етмай идорадан ичига сиғмай, бениҳоя ҳурсанд ҳолда пулни қучоқлаб ташқарига чиқди. Йўл-йўлакай Аллоҳ мушкулини даф қилгани учун шукрлар айтиб борди. “Эҳтимол дуоларимнинг натижасидир”, деб қувониб борарди. Маҳалласига етиб, хасис синфдошининг уйи олдидан ўтаётганда яна уни кўриб қолди. Сўрашиш учун чўзган қўлини ҳам ғазабдан жавобсиз қолдирди. Кўчага қарата мағрур ҳайқирди:
- Бошингга мушкул иш тушганда дўст кимлигини биларкансан! Мана, газдан қарзим йўқ! Англашилмовчилик сабаб бўлиб ким эканлигини билиб олдим! Лекин, шундай пайтда ишонган дўстинг синовдан ўта олмагани алам қиларкан! Баҳонада кимлигини билиб олдим, - деб бақирди.
Унинг шовқинидан бир неча қўшнилар кўчага чиқишди. Ичидаги бор аламларини нафрат билан баралла бақириб айтгач, енгил тортиб йўлида давом этди... Хасис дўсти эса... Хасис дўсти эса унинг ортидан бироз тикилиб турди-да, уйига кирди. Йўлакда кўзлари ёшланган аёли:
- Дадаси, тўғрисини айтсангиз нима бўларди. Қаранг, шунча маломат остида қолдингиз! Нега бундай қилдингиз ахир, - деб йиғларди.
- Қўявер, атай шундай қилдим. Дўстимга пул берсам менга қарзини қайтариш учун чираниб меҳнат қилиб қийналган бўларди. Шу сабаб унга билдирмай, қарзини тўлаб келдим. Унга пулни бериб, шундай ҳадя ҳам қилолмасдим. Олмасди у! Унинг ғурурини биламан, - деди маъюс...
Салим АЙЮБИЙ.