Иморат солувчилар режаларини барбод қилган тўғаноқ уйлар
Тўғаноқ уйлар – бу ибора Хитойда пайдо бўлган неологизм бўлиб, ўжар эгалари бошқа жойларга кўчиб ўтишдан бош тортган, янги квартал ёки йўллар қурилишига тўсқинлик қилган биноларни назарда тутади. Натижада қурувчилар ўз режаларига ўзгартиришлар киритишга тўғри келади, эгаларининг эса ҳар доим ўз деразаларидан чиройли бўлмаган манзаралардан “баҳраманд” бўлишдан бошқа чораси қолмайди.
Вашингтондаги уй
Уй эгаси Остин Сприггсга таъбир жоиз бўлса, лотереяда катта ютуқ чиқди деса ҳам бўлади. Гап шундаки, у кўп қаватли уйлар ва идоралар қурилиши пайтида кўчмас мулкини сотишдан бош тортган. 1980 йилдан бери ўзининг шахсий архитектура фирмаси жойлашган бу уйни сотиш учун кўпчилик кўпмиллионлик таклифлар билан унинг олдига келган. Ҳар гал Сприггс уйини сотишдан бош тортарди. 4 йил ўтгач, уй атрофи бўйлаб шиша, пўлат ва ғиштдан қурилган осмонўпар бинолар “ўсиб” чиқди. Банк мижознинг ипотека кредитини ундириш билан таҳдид қилганидан сўнг Сприггс уйини сотишга рози бўлди ва 1,5 миллион доллар нархда сотувга қўйди. Натижада 2011 йилда уй бор-йўғи 750 минг долларга сотилди.
Котлован тубидаги сўққа уй
Бир қарашда бу уй портлашдан кейин ҳайратланарли даражада омон қолган ва портлаш натижасида ҳосил бўлган кратерда ўтқизиб қўйилганга ўхшайди. Аслида эса Хубэй провинциясининг Ичан шаҳрида жойлашган уч қаватли бино қурувчилар юқори технологияли саноат паркини қуришни бошлаш учун қазиган чуқурнинг ўртасида жойлашган. Бу қурувчилар билан курашга дош бера олган ва кўчиб ўтишдан бош тортган хитойлик Янгга тегишли уй.
2012 йилда қурувчи ҳокимиятдан товон пули ололмаган Янгнинг уйини сув ва электр энергиясидан узиб қўйди. Оила уйни тарк этди ва бир мунча вақтдан сўнг молиявий муаммолар туфайли яна уйига кўчиб ўтишга мажбур бўлди. Энди улар сувни бир километрлик узоқликдаги дарёдан олиб келишади, электр ўрнига шам ва керосин лампаларидан фойдаланади.
Автомобиль йўли ўртасидаги уй
Янги қурилган йўлнинг ўртасида ёлғиз кўп қаватли бино турибди. Гап шундаки, уйда яшовчи кекса жуфтлик кўчиб чиқишдан бош тортган. Чжэцзян провинцияси Веглинг шаҳри яшовчиси Ло Баоген ва унинг рафиқаси ҳукумат берадиган товон пули кам бўлишига ишонч ҳосил қилгач, ярим вайронага айланган уйда қолишга аҳд қилишган. Энди машиналар кўп қаватли бинони айланиб ўтишга мажбур. Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, уйда фақат шу эр-хотин яшайди, барча қўшнилар кўчиб кетган.
ХХРда хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинган, маъмурларнинг аҳолини кўчириб чиқариш муаммо эмас, бироқ фақат халқнинг розилигини олиш муҳим.
Магистрал йўллар билан қуршаб олинган уй
Агар объектни тўғри чизиқда қуришнинг иложи бўлмаса, уни айлана бўйлаб қуринг. Бир неча оила ўз уйини тарк этишдан бош тортганида, қурувчилар тўрт қаторли магистрал йўлни айнан шу тарзда қуришди. Гуанчжоу қурувчилари дарё остидаги туннелга олиб борадиган йўллар тармоғини қуриш чоғида режасига ўзгартириш киритишга мажбур бўлган. Бугунги кунда эски уйлар аҳолиси автомагистралнинг панорамик манзарасидан баҳраманд бўлиб яшайди.
Аэропорт ўртасидаги ёлғиз ферма
Япониядаги Нарита аэропортининг учиш-қўниш йўлагида эгаси кетишдан бош тортган бир ферма жойлашган. Аэропорт очилганидан буён ҳар куни ферма устидан 40 метр баландликда учиб ўтадиган 90 га яқин самолёт ҳавога кўтарилади ва қўнади.
Ҳаммаси Япония ҳукумати Нарита аҳолисининг уйлари ва фермалари мажбурий давлат ихтиёрига ўтказилиб, уларни ҳайдаб чиқаришидан норози бўлганида бошланди. Улар судларга мурожаат қилганидан сўнг ўз уйларида яшашни давом эттиришга рухсат берилган. Бироқ ҳукумат режалаштирилган учта ўрнига битта учиш-қўниш йўлакли аэропортни қурди ва аэропорт 1978 йилда очилди. Можаро ва норозилик намойишлари 39 йил давом этди. 2005 йилда аэропорт маъмурияти фермерларга қарши урушни тўхтатишга ваъда берди.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.