Инсоният тарихидаги энг йирик ядровий ҳалокатлар
Бундан 80 йил олдин инсоният атом энергетикасини ҳам тинч, ҳам ҳарбий мақсадларда қўллаш мумкинлиги ҳақида билиб олди. Ядровий каллаклар урушда фақат бир марта – Японияга 1945 йилнинг август ойида қўлланилган. Шунга қарамай, ўтган йиллар давомида дунёдаги бир қарашда хавотир туғдирмайдиган объектларда ҳам кўплаб ядровий офатлар содир бўлиб турган.
Бу ҳалокатлардаги қурбонлар ва жабрланганлар сони юз минглаб ўлчанади. Хўш, Ерда ҳаёт пайдо бўлганидан буён энг йирик ядро ҳалокатлари қаерда ва қачон содир бўлган экан?
Чернобиль АЭСи
1986 йил 26 апрелда СССРда (Украина ҳудудида) конструкциядаги носозликлар ва ходимларнинг бир қатор хатолари туфайли Чернобиль АЭСининг 4-энергоблокида портлаш содир бўлди.
Портлашнинг аниқ сабаби ҳозиргача аниқланмаган. Тадқиқотчиларнинг фикрича, реактор ичидаги сув водород ва кислородга парчаланиб портловчи газ ҳосил қилган. У шундай куч билан портладики, оғирлиги кўп тонна бўлган том конструкциялари йиртилиб, ўнлаб метрларга улоқтирилди.
Натижада бутун сайёрада радиация даражаси ошиб, атрофга катта миқдордаги радиоактив моддалар ташлаб юборилди. Портлаш оқибатини бартараф этишда камида 600 минг киши иштирок этди, ҳалокатдан кейинги дастлабки ойларда камида 28 киши радиация таъсиридан вафот этди. Ҳаммаси бўлиб радиация билан боғлиқ касалликлардан 4 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди.
Станциядан 30 километр радиусли ҳудуд истисно зонаси деб эълон қилинди ва аҳоли бошқа жойларга кўчирилди. Радиоактив ёғинлардан энг кўп зарар Беларуссия ҳиссасига тўғри келди, Украина ва Россия жиддий заҳарланиш олган баъзи ерлар юзлаб, ҳатто минг йиллар давомида инсон ҳаёти учун яроқсиз бўлиб қолди.
Фукусима-1
Ер юзидаги Чернобилдан кейинги иккинчи энг жиддий ядровий офат 2011 йилнинг 11 мартида Японияда кучли 9,0 магнитудали зилзила оқибатларидан бири сифатида юз берди. 1-Фукусима станциясидаги авария МАГАТЭнинг фавқулодда шкаласи бўйича максимал 7 балл олди.
Тарқалган радиация миқдори Чернобиль авариясининг тахминан 10 фоизини ташкил этди. Энергия блокларининг фавқулодда совутиш тизими тўхтаб қолди, тизим қувурларида водород тўпланди ва бир қатор портлашлар содир бўлиб, 4-энергоблок ёниб кетди. Ядро ёқилғилари сақланадиган омборлар вайрон қилингандан сўнг атмосферага тарқала бошлаган радиоактив моддаларнинг аксарияти океанга тушди.
Фукусима атрофида 20 километрлик эвакуация зонаси яратишга тўғри келди, у ердаги одамлар бошқа жойга кўчириб юборилди. Авария оқибатларини бартараф этиш ишлари ҳамон давом этмоқда. Ҳудудга етказилган жами зарар 200 миллиард долларга баҳоланди.
Три-Майл-Айленд
1979 йил 28 мартда АҚШда содир бўлган ҳалокат МАГАТЭ шкаласи бўйича 5 балл олди. Носозлик станциянинг 2-энергетика блокида вақтида аниқланмаган сувнинг сирқиб чиқиши ва реактор ядросининг ярми эриб кетгани натижасида содир бўлди. Бироқ, бетон ҳимоя бардош бериб қурбонликлар олди олинди.
Аҳоли ҳақиқийдан кўра кўпроқ психологик оқибатларни бошидан кечирди. Мамлакат йирик ядровий авариялар содир бўлиши хавфидан қўрқа бошлади, қурилиш учун рухсатномалар берилмай қўйилди ва 1994 йилдан бери мамлакатда атиги 2 та янги атом электр станцияси пайдо бўлди.
Чажма кўрфазидаги авария
СССРда содир бўлган яна бир фалокат. 1985 йил 10 августда Узоқ Шарқдаги Чажма кўрфазида сув ости кемаси реакторининг термал портлаши содир бўлди. Портлаш марказида радиация даражаси 90 000 Р/соатга етди.
Бахтсиз ҳодиса ва унинг оқибатларини бартараф этиш ишлари натижасида 1000 га яқин одам тан жароҳати олди, 11 киши ҳалок бўлди. Ҳодиса махфийлаштирилди, одамлар бу ҳақда йиллар ўтиб билиб олди.
***
Атом энергиясининг афзалликларига қарамай, кўпинча бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаби инсон омили – эҳтиётсизлик, фавқулодда вазиятларни олдини олиш чораларини кўрмаслик ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари бўлиб қолмоқда.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.