Иқтисодчи ялпи ички маҳсулот кўрсаткичидан воз кечиш кераклиги ҳақида фикр билдирди

"АҚШ, Германия, Буюк Британия аҳолиси ялпи ички маҳсулот 2-3 фоизга ўсган тақдирда ҳам хурсанд бўлади. Уларни кўпроқ Марказий банкларнинг фоиз ставкаси қизиқтиради. Негаки, унда инфляция ўз аксини топади", деб ёзади иқтисодчи Илҳом Вафоев.

Шунингдек, И.Вафоев бу борадаги фикрларини қуйидагича таҳлил асосида билдирган: "Иқтисодий назарияда ялпи ички маҳсулотдан ташқари яна бир қатор макроиқтисодий кўрсаткичлар, жумладан, миллий даромад, унинг истеъмол ва жамғаришга бўлиниб сарфланиши ҳам бор. Мамлакат иқтисодиётини комплекс кўрсаткичлар ёрдамида таҳлил қилмасдан туриб, ундаги тенденцияларни аниқлаб бўлмайди. Ривожланган давлатларда бунга ҳожат йўқ. Чунки уларда узоқ йиллардан буён бозор иқтисодиёти мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятини максимал даражада рўёбга чиқариб бўлган ва ривожланиш асосан рақобат омили ҳисобига рўй беради. Шунинг учун АҚШ, Германия, Буюк Британия аҳолиси ялпи ички маҳсулот 2-3 фоизга ўсган тақдирда ҳам хурсанд бўлади. Уларни кўпроқ Марказий банкларнинг фоиз ставкаси қизиқтиради. Негаки, унда инфляция ўз аксини топади.

Оддий мисол. Корхонангизда маҳсулот ишлаб чиқарилади ва унинг натижавий ялпи кўрсаткичи бир ой ёки бир йилда сотилишига боғлиқ. Лекин агар сиз бу кўрсаткичларни оширишга эътибор бериб, ишлаб чиқариш қувватидан тўлароқ фойдаланишга, таннархни пасайтиришга, сифатни яхшилашга, меҳнат унумдорлигини оширишга интилмасангиз, зарар кўришингиз ҳеч гап эмас.

Мамлакат иқтисодиёти ҳам шу нуқтаи назардан бошқарилиши керак. Яъни, йил якунлангандан кейин, иқтисодий фаолият натижалари таҳлил қилиниши, жалб қилинган инвестицияларнинг, пул-кредит ва фискал сиёсатнинг самарадорлиги, ялпи ички маҳсулот бирлигига қилинган сарф-харажатлар, жумладан энергия ресурсларининг сарфланиши кўриб чиқилиши лозим.

Кейинги йилларда бизда макроиқтисодий таҳлил солиқлар тушуми билан чекланиб қолмоқда. Тан олиш керак, таҳлил қанчалик чуқур амалга оширилса, ижтимоий-иқтисодий фаолият билан боғлиқ қарорлар қабул қилиш ҳам шунчалик натижали бўлади. Мисол учун, ўтган йили табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми кескин камайди, аммо пандемия туфайли улгуржи истеъмолчиларнинг катта қисми унинг сарфини қисқартирди. Табиийки, бунинг эвазига қиш аҳоли учун катта талофатларсиз ўтди. Жорий йилда пандемия асоратлари бартараф этилгани сари ишлаб чиқариш суръатлари ҳам ошди, энергия ресурслари сарфи мос тарзда кўпайди. Кўплаб янги корхоналар ишга туширилди, янги уйлар ва ижтимоий соҳа объектлари қурилди, аҳоли ўсиши билан бирга меҳнат муҳожирларининг катта қисми хориждан қайтиб келди. Энди табиий савол туғилади: ушбу ўзгаришлар энергия таъминотида инобатга олиндими, тегишли энергия баланси тузилганми, кенгайган эҳтиёжлар ҳажми билан ҳудудларга ажратилган лимитлар мослиги солиштирилмоқдами? Агар бу саволга ижобий жавоб топилмаса, корхоналар фаолияти тўхтайди.

Мамлакат аҳолисининг эҳтиёжлари яхшироқ қондирилсагина иқтисодий фаолият самарали ҳисобланади. Лекин нима сабабдан бу борада аниқ ўзгаришлар кўзга кўринмайди? Чунки бошқарув фаолияти биринчи навбатда иқтисодий самарадорликка таяниб, аҳоли турмуш даражасини яхшилашга эмас, балки катта мазмунга эга бўлмаган ЯИМни нисбий кўрсаткичлар асосида ўстиришга қаратилган.

Овқатланиш бўйича илмий асосланган меъёрлар бор. Мисол учун, бир киши йилига 65 килограмм картошка, 100 килограмдан ортиқ сабзавот, 36 килограмм гўшт истеъмол қилиши лозим. Лекин бу маҳсулотларнинг истеъмол этилишига мақсадли ёндашилмайди-ку.

Макроиқтисодий бошқарув фаолиятини ЯИМ кўрсаткичига таяниб амалга ошириш аҳоли турмуш даражасига тескари таъсир қилмоқда. Чунки бир томондан маҳсулотларни натура шаклида кўпайтириш, яъни иложи борича кўпроқ пахта, буғдой, сабзавот етиштириш, агар бунинг иложи топилмаса нархларни ўстириш. Қувонарлиси шуки, шунча йилдан бери четда қолган ҳолатга Президентимиз Ш.Мирзиёев эътибор қаратди. 2022 йилдан бошлаб мамлакат иқтисодиёти нисбий кўрсаткичларда эмас, айнан мутлоқ кўрсаткичларга асосланиб ўсиши мақсад қилиб қўйилди. Шу пайтгача ЯИМ 5 ёки 5,5 фоизга ўсди, деб айтиларди. Энди ҳар йили ушбу кўрсаткич 2,5 миллиард доллар ўрнига 5-6 миллиард долларга ўсиши керак. Ҳар бир қўшимча миллиард бу қўшимча ишлаб чиқарилган электр энергияси, табиий газ, транспорт, сут, кийим-кечак ёки буғдой дегани. Умуман, ЯИМ кўрсаткичидан воз кечиб, аҳоли эҳтиёжларини қондириш, давлат ғазнасини тўлдиришга хизмат қиладиган, ташқи иқтисодий фаолиятни ижобий натижалар билан якунлашни таъминлайдиган товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳаларига эътиборни кучайтириш керак", дейди иқтисодчи.