Иш қоғозлари қачон давлат тилида ва имловий хатоларсиз ёзилади?
«Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг амалга киритилганига 30 йил бўлди. Кўча-кўйда, корхона-ташкилотларда, давлат идораларидаги барча ёзувлар ўзбек тилида ёзилаётганлиги барчамизни қувонтиради. Аммо айрим коммунал хўжалик тармоқларига қарашли корхона-ташкилотларида мазкур қонунга амал қилинмаётгани ажабланарли.
Самарқанд шаҳридаги корхона-ташкилотларда ҳисоб-китоб ишлари, статистика ҳужжатларини юритиш давлат тилида бўлиши лозим бўлгани ҳолда аҳолига, шунингдек, идора ва ташкилотларга юборилаётган хат, хабарнома, иш қоғозлари ҳамда кўрсатмалар ҳануз рус тилида амалга оширилмоқда.
Самарқанд шаҳар электр тармоқлари идорасининг кириш жойида катта қилиб «Самарканд шахар «энергосотиш», деган ёзувни кўриб ҳайрон қолдик. Ичкарида деворга илинган кўргазмалардаги ёзувлар ҳам хато ёзилган. Кунига юзлаб одамлар ишини битириб кетаётган ушбу идорада эътиборсизликка йўл қўйилгани ҳеч кимни безовта қилмаяпти. Деворларга осилган кўрсатмалардаги имловий хатолардан ташқари, аҳоли билан ҳисоб-китоб ишлари қилинадиган иш қоғозлари рус тилида ёзилган. Касса ёнида илинган огоҳлантирувчи хат ва эълонларнинг ҳам аксарияти бошқа тилда.
Кассага пул тўлаш учун келган ҳамшаҳарларимизнинг қўлларидаги хабарномалар ўзбек тилида ёзилган бўлишига қарамай, рус тилида тўлдирилган.
- Электр ҳисоблагичларни назорат қилгани борган назоратчиларнинг қўлларидаги айрим хабарномалар илгаридан рус тилида тайёрлаб қўйилган бўлиб, улар кўрсаткичлар тўғрисидаги маълумотларни ўзбек тилида ёзишади, -дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Р.Холиқова. – Ҳатто, назоратчилар бўлимидагилар ҳам тайёр матн битилган ҳисобварақаларини рус тилида чиқариб беришади.
- Шу пайтгача «бланка»ларимиз рус тилида ёзиб келинган, шу сабабли ҳам шу амалиётни баъзида қўллаб келамиз, - дейди мазкур идора ходимларидан бири. – Лекин, ўзбек тилида ҳам тайёр «шаблон»ларимиз бор. Ким қайси тилда сўраса, ўша тилда ёзиб берамиз.
Ҳисобчилар бўлимидаги “Ulgurji iste`molchilar hisobchisi Bog`ishamol hududi” деган ёзувни тўғрилаб ёзиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Ёки идорага киришда «Самарқанд шаҳар «энергосотиш» бўлими”, деб ёзиш шунчалик қийин ишми?
Самарқанд шаҳар газ таъминоти бўлимида ҳам шундай камчиликлар учрайди. Табиий газ учун тўловларни амалга оширган фуқароларга бериладиган патталар давлат тилида ёзилган бўлса-да, «ҳ», «қ», «ғ», «ў» ҳарфлари ўрнига «х», «к», «г», «у» ҳарфлари ёзилган. Шунингдек, эълонлар тахталаридаги соҳага оид айрим расмий ҳужжатлар, қарор ва фармонлар, шунингдек, табиий газнинг нархи ҳақидаги маълумотлар рус тилида ёзилган.
- Шу пайтгача вазирлигимиз томонидан келган расмий ҳужжатлар фақат рус тилида бўларди, - дейди вилоят бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бўлим бошлиғи Зариф Санақулов. – Энди аста-секин ҳужжатларни ҳам ўзбек тилида ёзяпмиз.
Идорага кирар экансиз назоратчи-усталар, ҳисобчилар, мижозлар ва корхона-ташкилотлар билан ишлайдиган бўлимларнинг эшикларидаги ёзувлар имловий хатолар билан ёзилганлигини кўрасиз.
“Давлат тили ҳақида”ги қонунга биноан корхоналарда иш юритиш ва бошқа ҳужжатлар, нотариал ҳаракатлар давлат тилида, аммо лозим бўлган тақдирда бошқа тилларда амалга оширилади, деб қайд этилган.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.