Жаҳоннинг иккинчи иқтисодиётига айланиш йўлида Хитойда амалга оширилган ислоҳотлар

Хитой давлатининг модернизацияси тарихи узоқ асрларга бориб тақалади. Маълумки, қадимги давлатда милоддан аввалги учинчи минг йилликда кишилар ўртасидаги муносабатлар “ли” нормалари асосида бошқарилган. Хулқ-атвор нормалари тизими бўлган “ли”да ахлоқий муносабатлар одамларнинг жинси, қариндошлик даражаси, авлоди, ёши, ижтимоий мақомига қараб белгиланади.

Анъанавий жамиятда табақавий бўлинишдан ташқари, қариндош-уруғчилик муносабатлари тенгсизлиги ҳукм суради. Сўнгги Хитой сулоласи кодексида қариндош-уруғчиликнинг 41 та тури кўрсатилади.

Қариндош-уруғчилик тизими қадимги Хитой давлатчилиги шаклланишидан олдин пайдо бўлган. Аммо бошқа халқлар (шу жумладан, туркий)дан фарқли равишда, хитойликлар феодал иллатлардан бутунлай қутулиб олиш йўлларини топишди.

Бизнингча, миллий ривожланишга доимо тўсиқ бўладиган эски тузум иллатларидан озод бўлиш учун ҳар бир давлат, жумладан, Ўзбекистон ҳам ўзининг кучли этик қоидаларини ишлаб чиқиши лозим, деб ҳисоблаймиз. Жамиятда ҳукм сураётган “феодал” иллатлар токи бартараф этилмас экан, анъанавий ва замонавий жамият, янгилик ва эскилик тарафдорлари ўртасидаги зиддиятлар жанги кучайиб бораверади.

Буюк файласуф Конфуций (милоддан аввалги 551–479 йиллар)нинг хизмати шунда эдики, у “ли” қоидаларини давлат бошқарувига татбиқ этди ва ижтимоий табақаланиш асосларини яратди. Милоднинг III-VIII асрларида ҳуқуқ тизими конфуцийланиши туфайли “ли” ахлоқий қоидалари ҳуқуқий нормаларга кўчиб, уни бузувчилар жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлди.

Қонун нормалари билан диний тасаввур уйғунлашган Конфуцийнинг ахлоқий-сиёсий мафкураси халқнинг менталитети, генига сингдирилди. “Агар жамият қонунлар ёрдамида бошқарилиб, жазолаш орқали тартибот таъминланса, одамлар жазоланишдан қочади ва ор-номусни ҳис қилмайди; “дэ” (маънавий-ахлоқий тизим) орқали бошқарилиб, қадриятлар орқали тартибот олиб борилса, ҳамма ор-номусни ҳис қилади, ҳалол ва софдил одамга айланади”, деган одил хулосага келади у.

Мазкур тизим Хитойда бугунги кунга қадар жамият аъзолари ўртасида аҳиллик ҳамда фаровонликни таъминлаб келмоқда.

Мазкур нозик жиҳатларни таҳлил қилган Жануби-шарқий Осиё модели тарғиботчиси, Сингапур ислоҳотларининг асосчиси Ли Куан Ю “Хитойликлар олдин қайта қуришни амалга оширади, сўнг ошкораликка ўтади. Улар буни чиройли кетма-кетликда амалга оширади. Русларнинг энг катта хатоси шу қоидани бузишидир” дейди.

Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ иттифоқ раҳбари М.Горбачевнинг халқнинг тайёргарлигисиз бошлаган “ошкора”лиги улкан ҳудудда бошбошдоқлик ва эгасизликни бошлаб берганди.

Ислоҳотлар эволюцияси

Хитой модернизацияси эволюцияси тизимли ва босқичма-босқич ўтган. Дастлаб инқилобчи-демократ Сунь Ятсен (1866–1925) авторитар сиёсий тизимни демократик тизимга ўзгартиришни хоҳлади. Лекин оралиқ босқичлар орқали ўтмоқчи бўлганида, ислоҳотлар тўхтади.

Хитой Халқ Республикаси асосчиси Мао Цзедун (1893-1976) ташаббуси билан 1960-1970 йилларда амалга ошган “Катта сакраш” ва “Маданий инқилоб” кампаниялари ҳам шошма-шошарлик билан ўтказилиб, юрт бошига кулфатлар ёғдирди.

“Йўқсиллар отаси” 33 йиллик раҳбарлик фаолиятида (1943-1976) хизмати шунда бўлдики, оғир дамларда Ғарб империяларининг ҳамлаларига чап бериб, яхлитликни сақлаб қолди. “Буюк доҳий” вафотидан кейин мамлакат тепасига ишнинг кўзини биладиган арбоб Дэн Сяопин (1904-1997) келгандан кейин ҳақиқий ислоҳотларни бошлаб юборди. Қизил шиорлар, баландпарвоз чақириқлар билан халқни тўйдириб бўлмаслигини англаган етакчи иқтисодиётни эркинлаштирди, социалистик жамият тизимига капиталистик бозор муносабатларини дадил олиб кирди. Хусусий мулк давлат ва жамоат мулки деб эълон қилинди, хориж сармоядорларига бир қатор имтиёзлар берилди. “Очиқ эшиклар” сиёсати олиб борилди. Дэн Сяопин раҳбарлиги даврида раҳбарият бош мақсади “социализмни ағдариш эмас, балки уни такомиллаштириш ва янгилаш бўлди”. У тоталитар тизимни мукаммал демократик тизимга алмаштирди.

Дэн Сяопин сиёсий модернизацияни муваффақиятли амалга оширди. Коммунистик партия бош котиби, ХХР Давлат кенгаши раиси ўринбосари (1956-1966), КП Ҳарбий кенгаши раиси лавозимларида узоқ йиллар ишлаб, обрў-эътибор қозонган Дэн 1956 йил сентябрда Хитой КП VIII съездида сўзлаган нутқида жамиятни демократлаштириш, партия органлари ва ҳокимиятнинг маъмурий органлари ваколатларини тақсимлаш, “бошқарувчилар – бошқарилувчилар” тизимини бузиш, “доҳийлик” касалидан қутулиш каби ташаббуслар билан чиқди.

Бироқ фикрлари инобатга олинмади ва ўтган асрнинг 50-йиллари ўрталарида кутилган ислоҳот 20 йилга кечикди – Дэн Сяопин ва хитой халқи тақдирида у “аччиқ” йигирма йилга айланди. 1966-1969 йиллардаги “маданий инқилоб” пайтида Дэн ва унинг маслакдошлари қатағон қурбонига айланди. Дэн 1973 йилда оқланиб чиқди, 1976 йилда эса барча ҳокимиятни ўз қўлига қайтарди.

Сяопин ислоҳотни қишлоқ хўжалигидан, маоча “халқ коммуна”лари тизимини бекор қилишдан бошлади. Капитализм йўли танланиб, иқтисодиётда бозор механизмлари қўллангач, хорижий инвестициялар кириб кела бошлади. 1978 йил 13 декабрдаги баёнот демократия сари ташланган улкан қадам эди. “Тяньаньмэн қушхонаси” деган номни олган фикрлари қуйидагича эди: “Халқимизга ўз фикрини айтишга рухсат берайлик! Агар мавжуд тартиботдан норози одамлар демократиядан фойдаланиб, тартибсизликни келтириб чиқармоқчи бўлса, бу унчалик қўрқинчли эмас. Уларга қарши зарур чораларни қўллаймиз, омманинг кўпчилик қисмини тўғрилик билан хатоликнинг фарқига боришга ишонтира оламиз”.

Сяопин модели

Сяопин демократияда тўртта асосий тамойил: марказлаштириш, қонун устуворлиги, қаттиқ тартиб-интизом, партия раҳбарлигидан четга чиқмасликка ҳаммани чақирди. Бу масалада хатога йўл қўйиш демократиянинг бекорчи сафсаталарига, ультрадемократизм тарқалишига, жамиятда анархияга, сиёсий барқарорлик бузилишига, мустаҳкам бирликнинг барбод бўлишига олиб келади, деди. Бу даврни тадқиқ қилган ўзбек олими ва жамоат арбоби С.Сафоев мамлакатда ўша пайтда модернизациянинг “уч босқичли” стратегияси ишлаб чиқилганини айтади. “Биринчи босқичда ЯИМни 1980 йилга нисбатан икки баравар кўпайтириш, аҳолини озиқ-овқат ва энг зарур маҳсулотлар билан таъминлаш масаласини ҳал қилиш режалаштирилди, – дейди у. – Иккинчи босқичда 2000 йилгача ЯИМни икки баравар ошириш ва турмуш даражасини “кичик фаровонликлар” (бу соф хитойча тушунча бўлиб, бой бўлмаса ҳам ҳар қалай, ўзига тўқ яшаш имконини берадиган тўқчилик даражасини билдиради Б.О.) даражасига етказиш мўлжалланди. Ниҳоят, учинчи босқичда XXI аср ўрталаригача модернизацияни якунлаш, “кичик фаровонлик” жамиятидан (2020 йил) модернизация қилинган жамиятга ўтиш кўзда тутилди” (С.Сафоев. “Марказий Осиёдаги геосиёсат”. – Т.:ЖИДУ, 2005. – Б. 113).

Шарқда сиёсат ва ахлоқ долзарб масала ҳисобланади. Бу ўта масъулиятли ишда Хитой ғарбга нисбатан “юмшоқ оғиш”ни истамади ва таълим-тарбияни мафкурага тўлиқ бўйсундирди. Бизнинг таърифимиздаги “миллий ғоя”га эътибор ҳаддан кучайди. Чунки тарбия – ҳаёт-мамот, саодат ё фалокат масаласи эканлигини Сяопин чуқур тушунарди. Шундай қилиб, 1980 йиллар ўрталарида “Бешта севаман” ибораси: “мамлакатни севиш”, “халқни севиш”, “меҳнатни севиш”, “илмни севиш”, “социализмни севиш” шиорлари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Турган гапки, улар тезда ўзининг ширин меваларини берди. Сяопин ислоҳотларни аҳолининг 80 фоизи яшайдиган қишлоқда оила пудрати тизимини жорий этишдан бошлади.

Деҳқон хўжаликларига жамоа ери 15 йилга ижарага берилиб, кейинроқ 30 йилгача узайтирилди. Маҳсулотнинг бир қисмини олиб қолган ер эгаси уни бозор нархида сотиш ҳуқуқини қўлга киритгандан кейин деҳқонларнинг даромадлари тезда кўпайди: улар ғаллани четдан сотиб олувчидан экспорт қилувчи давлатга айланди. Танланган йўлга ишонган раҳбарият тажрибасини эндиликда шаҳарларда қўллади. 1984 йили саноатда бозор иқтисоди тамойилларини татбиқ этишга киришилди. Ўшанда давлат сектори корхоналари марказий ҳукумат ва маҳаллий маъмуриятга бўйсунган. Сяопин корхоналарга ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва бозор конъюктурасига мослашиш борасида тўлиқ эркинликни берди. Маҳаллий ҳокимият назорати камайди, давлат сектори улуши пасайиб, унинг ўрнини хусусий сектор эгаллади.

Асли - бу улкан мамлакатда тинч йўл билан амалга ошган инқилоб эди! Сяопиннинг сиёсий модернизациялаш сиёсати жамият ҳаётида, турмуш тарзида силжишга олиб келди. Бироқ капиталистик давлатлар Хитойга демократик чақириқлар билан босим ўтказар эди. Даъваткор “талаб”лар жамиятда Ғарб сиёсатдонларига норозиликни кучайтириб юборди. “Буржуа либерализми”ни танқид қилиш юзасидан 1986 йилда компания авж олдирилди.

Сентябрь ойида ХКП МК нинг 12-чақириқ олтинчи пленумида Сяопин қуйидаги фикрларни илгари сурди: “Чет элдаги буржуазия олимлари биздан эркинлаштиришни кутиш бараварида инсон ҳуқуқлари бузилаётган эмиш, деб жар солишмоқда. Улар миллий қадриятларимизга Ғарб ғоясини қарши қўйиб, жамиятимизни тубдан ўзгартиришга уринмоқда. Биз ҳеч нарсага эътибор бермаймиз: реал ҳолатдан келиб чиқиб, муаммоларни ўзимиз ечаверамиз”.

Аммо кейинроқ маълум бўлишича, “Либерализм масаласида Сяопин эҳтиёткорлик позициясини эгаллаган. Демократик ислоҳотларни эса унинг сафдош дўстлари Ху Яобан ва Чжао Цзиянлар амалга оширган”. Аммо давлат раҳбарининг эҳтиёткорлиги бежиз эмас эди. У сиёсий хато қилишни истамасди: “Дарёни кечиб ўтишда оёқ тагидаги тошларни ҳам пайпаслаб кўриш керак”, деган фикрлар ҳам Сяопинга тегишли эди. У ҳам коммунист, аммо прагматик бўлиб, Хитойни ривожлантиришга интилар, “ҳамонки мушук сичқонларни овлар экан, унинг қора ёки оқлиги муҳим эмас”, деб ҳисоблар эди. Натижа – бугунги биз кўриб турган Хитой бўлди. Ўттиз йил муқаддам у учинчи дунё мамлакати эди. Бугунги кунда эса Хитой – жаҳоннинг иккинчи иқтисодиётига айланди.

Хитой истиқболи

Халқаро валюта жамғармаси маълумотига кўра, 2011-2014 йиллари Хитойда иқтисодий ўсиш 24 фоизни ташкил этди. Жаҳон банкининг таъкидича, 2014 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) бўйича АҚШни ортда қолдириб, пешқадамга айланди: Хитой – 17,6 триллион, АҚШ – 17,4 триллион доллар. Хитой жамиятида фикрий уйғониш, интеллектуал юксалишни кузатиш мумкин.

Масалан, ихтироларга берилган патентлар сони бўйича жаҳонда у биринчи ўринга чиқди. Айни пайтда ғарб мамлакатларида 300 мингдан зиёд хитойлик талаба таҳсил олмоқда. Илмий таҳлилимизга кўра, Хитойда ислоҳотлар самарадорлиги асосан ушбу омилларга боғлиқ: биринчидан, модернизациялаш учун барқарор шарт-шароит яратилди; иккинчидан, сиёсий ислоҳотларни ўтказишда миллий қадрият, урф-одат ва хусусият ҳисобга олинди; учинчидан, халқ феноменал даражада меҳнаткаш; тўртинчидан, ишчи кучи ниҳоятда арзон; бешинчидан, социализм йўлидан “оғиш” ўз вақтида Ғарбда илиқ кутиб олиниб, қўллаб-қувватланди; олтинчидан, хориждаги 75 миллион муҳожир (Гонконг, Тайвандан ташқари) мамлакатга йилига 75 миллиард доллардан зиёд маблағ келтирмоқда.

Ўзбекистон-Хитой алоқалари

Тарихий имкониятлар ҳақида сўз борар экан, эрамиздан икки аср муқаддам ҳудудимизга хитойлик дипломат Чжан Цзянь келганлиги ва Буюк Ипак йўлига асос солганлигини эсга олиш лозим. Эндиликда хитойликларнинг “Бир макон, бир йўл” деб номланган глобал ташаббуси орқали қитъаларни бирлаштирувчи магистраль қайта тикланмоқда. 

“Бир макон, бир йўл”ни қуриш бўйича амалий ҳамкорлик йўналишида муҳим натижалар қўлга киритилди. Хитой — Марказий Осиё газ тармоғи, Ангрен-Поп темир йўл туннели, “Пенг-Шенг” саноат парки, Ангрен ИЭС каби йирик лойиҳалар рўёбга чиқарилди ҳамда бу ҳар икки мамлакат халқи ва иқтисодиётига сезиларли фойда келтирди. Айни вақтда Ангрен шина заводи, Навоий вилоятида поливинилхлорид ишлаб чиқарувчи мажмуа, Шарғун кўмир кони ҳамда бошқа иншоотлар қурилаяпти. 2017 йил охирида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон йўналишида автомобиль йўли очилиши туфайли юк ташиш учун кетадиган вақт анча қисқарди.

Ўзбекистон — қадимий Буюк Ипак йўлидаги муҳим бўғинлардан бири. У “Бир макон, бир йўл” ташаббусини биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватлади ва иштирок этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил май ойида Хитойга тарихий ташрифи доирасида ХХР Раиси Си Цзиньпин билан учрашуви бўлиб ўтди. Давлат ташрифи якунига кўра, мислсиз катта миқдор – 23 миллиард долларлик келишувларга эришилган эди.

Хитой ва Ўзбекистон томонлари ўша ташрифда имзоланган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор беряпти. Ўзбек томони уларни бажариш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқди ҳамда унга асосан, узвий мулоқот ўрнатилди, тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилди. ХХР ўзбек мутахассисларининг Хитойга ишчи сафарларини уюштирди ва улар махсус иқтисодий зоналар ташкил қилиш тажрибаси билан танишдилар. Жумладан, ўрта ҳамда кичик ГЭСлар қурилишида силжишлар юз бермоқда.

Икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари ва учрашувлари анъанага айланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов 1992, 1994, 1999, 2005, 2011, 2012 йилларда, Президент Ш.Мирзиёев 2017 йилда Хитойга ташриф буюрди. Шунингдек, Ўзбекистон Президентлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишлари ва бошқа йирик халқаро тадбирларда иштирок этишди. ХХР раисларидан Цзян Цзэмин (1996 йил), Ху Цзинтау (2004, 2010 йиллар), Си Цзиньпин (2013 йил, 2016 йил (ШҲТ Тошкент саммити чоғида) Ўзбекистонга расмий ташриф буюрди. ХХР Раиси Си Цзиньпин 2016 йил 20 июнда Ўзбекистон билан бўлган муносабатларга тўхталиб “Хитой билан Ўзбекистон манфаатлари ва тақдири муштарак, қувонч ва ташвишни биргаликда баҳам кўрадиган тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро манфаатдор шериклардир”, деб таъкидлади.

Ўзбекистон-Хитой муносабатлари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (2001 йил июнда ташкил этилган) доирасида ҳам муваффақият билан самарали ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон ШҲТни тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, биринчи навбатда, халқаро террор, диний экстремизм, босқинчи айирмачилик ва наркобизнес каби минтақавий ва дунёвий хавфсизликка таҳдид соладиган хавф-хатарга қарши туришда очиқ, ўзаро фойдали шериклик ва кўп томонлама ҳамкорликка қаратилган механизм деб билади.

ШҲТ барпо этилгандан буён ўтган 15 йил давомида ҳақли равишда нуфузли халқаро ташкилотлар қаторидан муносиб жой олди. Барқарор тараққиёт, тинчликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, минтақавий ва глобал даражада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг таъсирчан омилига айланди.

Икки мамлакатнинг ҳудудий делегациялар алмашуви фаоллашди. 2018 йил апрель-май ойларида юқори даражадаги делегациялар ташрифи давоми сифатида Ўзбекистоннинг 7 та вилоятидан вакиллар Хитойга борди. Маълумотларга кўра, 2017 йил якуни бўйича мамлакатларимиз ўртасидаги савдо айланмаси 5,0 миллиард АҚШ долларига етди.

Биз икки томонлама амалий ҳамкорликнинг улкан салоҳияти ҳамда кенг имкониятига ишонамиз.

Бахтиёр ОМОНОВ,

Тошкент ахборот технологиялари университети доценти, сиёсий фанлар доктори.