Жумбоқ одам
“Михаил Куни”.
“Руҳий тажрибалар”.
“Телепатия ва гипноз сеанслари...”.
Ўтган асрнинг ўрталарида жаҳоннинг жуда кўп шаҳарлари ана шундай афиша билан безанганди. Ўша йиллари жаҳонда ҳеч ким бундай бой репертуар намойиш эта олмаган.
...Соат роппа-роса 20:00. Саҳнага қад-қомати келишган, қора костюм-шим, оқ кўйлак, қизғиш галстукли киши чиқиб келди. У залга кўз югуртирди, сирли кулимсираб, ҳазил-мутойиба билан томошасини шарҳлаб, мўъжизалар кўрсата бошлади.
Томоша бошида Куни қизишиб олиш учун кўзини қора мато билан боғлаб, томошабинлардан бирор нарсани беркитишини сўради. Сўнгра қора матони ечиб, саҳнадан тушди, қаторларни оралаб бориб, нарса яширган томошабиндан буюмни топиб, залга кўрсатди. Ҳайрат, ҳайқириқ, қарсак...
Сўнгра у ёрдамчиси тарқатган вараққа томошабинлар ўзлари яхши кўрган шаҳар номини ёзиб, варақни чўнтакларига яширишни сўради. Кейин дуч келган томошабин ёнига келиб, унинг юзига тикилиб турди-да шаҳар номини эълон қилди. Ҳамма Михаилнинг шаҳар номини тўғри топгани учун қойил қолди. Артист хато қилмаганди.
Энди, мана бу топқирлигига қаранг. Томошанинг иккинчи бўлимида орқа деворга 20 та турли рангдаги дикорация-дисклар томошабинлар таклифи бўйича осиб қўйилди. Артист ичкаридан чиқиб келиб, дискларга кўз қирини ташлади ва залга ўгирилиб, қайси рангдаги диск қайси қаторда жойлашганини айтиб берди...
Михаил Куни фаолияти давомида кўрсатган инсон ақли бовар қилмас томошаларни кўплаб келтириш мумкин. Масалан, барабандаги чалкаш рақамларни бир қарашда нафақат тўғри айтиб берган, балки рақамлар йиғиндиси қанча бўлишини хам айтган. Ёки томошабинларни гипноз ҳолатига тушириб, уларга чангалзорга тушиб қолганини айтган. Улар эса гўё қўлларида чопқилар билан чангалларни топиб, ўзларига йўл очган. Улар ўз ҳолларига келтирилганда, қаерда бўлганларини эслаша олмаган.
М.Кунининг таржимаи ҳоли ўқувчини қизиқтириши табиий. У 1897 йилда Беларуссиянинг Витебски шаҳрида туғилган. Витебск бадиий билим юртида ўқиган. Хотирасини мустаҳкамлаш учун Пушкин, Лермонтов, Тютчевнинг юзлаб шеърларини ёд олган. 1972 йилда вафот этган.
Моҳир цирк артистлари - гипнозчилар, фокусчилар ҳозиргача Михаил Куни истеъдоди сирларини тагига ета олганлари йўқ.
Т.Шомуродов тайёрлади.